"Ўзтрансгаз": магистрал газ тармоқларида тайёргарлик режаси ортиғи билан бажарилди
Мамлакатимизда куз-қиш мавсумида аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари ва иқтисодиёт тармоқларини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш магистрал газ қувурлари, компрессор станциялари ҳамда бошқа технологик иншоотларнинг ишончли фаолиятига боғлиқ. Шу мақсадда "Ўзтрансгаз" акциядорлик жамияти томонидан 2026/2027 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Бу ҳақда жамиятда магистрал газ тармоқлари ва иншоотларини мавсумга тайёрлаш жараёнида бажарилган ишларга бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Тадбирда "Ўзтрансгаз" АЖ Магистрал газ қувурларини эксплуатация қилиш департаменти бошлиғи Ўткир Нуриддинов амалга оширилган ишлар ва келгуси йил режалари ҳақида ахборот берди.
Қайд этилганидек, ҳисобот даврида магистрал газ қувурларининг нуқсонли участкаларини алмаштириш бўйича 59,7 километр қувур янгиланиб, режа 108 фоизга бажарилган. Қувурларнинг ички сиртини махсус поршенлар ёрдамида тозалаш ишларида эса 4 363,03 километр натижага эришилиб, режа 143,2 фоизга уддаланган. Компрессор станцияларида газ ҳайдаш агрегатларини таъмирлаш бўйича ҳам белгиланган кўрсаткичдан юқори натижа қайд этилди. Режадаги 77 та ўрнига 80 та агрегат таъмирланди.

Қишки мавсумда газ таъминоти барқарорлигини таъминлашда ер ости газ омборларидаги захиралар муҳим ўрин тутади. Ҳисобот даврида "Газли" ва "Хўжаобод" омборларида жами 3 636,4 миллион куб метр табиий газ мавжудлиги қайд этилган. Шунингдек, "Хўжаобод" омборида 19 та қудуқда капитал таъмирлаш ишлари бажарилиб, режа 150 фоизга бажарилган. Электр таъминоти ва технологик ускуналарнинг ишончлилигини таъминлаш мақсадида трансформаторлар, электр двигателлари ҳамда электр узатиш тармоқларида профилактика ва таъмирлаш ишлари олиб борилди.
–Магистрал газ транспорти тизимининг барқарор ишлаши нафақат газ қувурлари ва компрессор агрегатларига, балки уларнинг электр таъминоти тизимига ҳам бевосита боғлиқ. Шу сабабли мавсумга тайёргарлик доирасида электр жиҳозлари, трансформаторлар ва электр узатиш тармоқларини техник кўрикдан ўтказиш, профилактик синовлар ҳамда таъмирлаш ишлари бажарилди.
Тайёргарлик ишлари мавсум бошланиши билан тўхтаб қолмайди. Куз-қиш даври давомида магистрал газ қувурлари, компрессор станциялари ва бошқа технологик иншоотларнинг ишлаш ҳолати доимий назорат қилиб борилади. Авария ва носозликларнинг олдини олиш, технологик интизомга риоя этиш ҳамда газ ташиш жараёнининг узлуксизлигини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилади.
Шунингдек, 2027 йилда 50,9 километр магистрал газ қувурларини мукаммал таъмирлаш, 3 213 километр қувурнинг ички сиртини тозалаш, 1 081,5 километр тармоқда диагностика ишларини ўтказиш ҳамда 70 та газ ҳайдаш агрегатини таъмирлаш режалаштирилган.
Асосий мақсадимиз эса мавжуд магистрал газ транспорти инфратузилмасидан самарали фойдаланган ҳолда, куз-қиш мавсумида газ транспорт тизимининг барқарор ва узлуксиз ишлашини таъминлашдан иборат, – деди Ўткир Нуриддинов.
Матбуот анжуманида кадрлар салоҳиятини ошириш ва соҳа учун малакали мутахассислар тайёрлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Жамият бўлим бошлиғи Хуршиджон Сахатовнинг маълум қилишича, 2026 йилнинг тўққиз ойида 1 780 нафар ходимнинг малакаси маҳаллий ва халқаро ўқув муассасаларида оширилган. Уларнинг 126 нафари 30 ёшгача бўлган ёшлардир.
– Жамиятда кадрлар малакасини ошириш билан бир қаторда, олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда мутахассислар тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 29 сентябрдаги "Олий таълимда дуал таълим шаклида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ижроси доирасида соҳа йўналишларида таҳсил олаётган талабалар учун жамиятнинг ишлаб чиқариш объектларида амалиётлар ташкил этилмоқда.
Хусусан, Тошкент давлат техника университети, Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали ва Бухоро давлат техника университетининг жами 200 нафар талабаси жамиятнинг тегишли таркибий бўлинмаларида амалий тажриба орттирмоқда. Шунингдек, Қарши давлат техника университети, Қорақалпоқ давлат университети ва Фарғона давлат техника университети талабалари учун ҳам дуал таълим асосида амалиётларни ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 ноябрдаги 675-сон қарорига мувофиқ, жамиятнинг ўрта ва ўрта махсус маълумотга эга 439 нафар ходими олий таълим ташкилотларида таҳсил олган, – деди Х.Сахатов.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, куз-қиш мавсумида газ транспорти тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича ишлар давом эттирилади. Бунда инфратузилманинг техник ҳолатини яхшилаш, аварияларнинг олдини олиш ва соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш устувор вазифалардан бўлиб қолади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА