Нукусда ижтимоий хизмат кўрсатиш имкониятлари кенгаймоқда
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги Ҳудудий ижтимоий хизматлар марказида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг саломатлигини тиклаш ва турмуш сифатини яхшилаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг сентябрь ойида фаолият бошлаган мазкур муассасада бешта асосий йўналиш – кундузги парвариш, эрта аралашув, кундузги қатнов, катталар ва болалар реабилитацияси ҳамда психоижтимоий реабилитация бўйича хизматлар йўлга қўйилган.
Айни пайтда бу ерда ногиронлиги бўлган катта ёшли фуқаролар ҳамда саломатлигида муаммоси бўлган 70 нафарга яқин бола ва катталар қамраб олинган. Уларга 20 нафарга яқин малакали мутахассис томонидан ижтимоий ва реабилитация хизматлари кўрсатилмоқда.
Масканда аҳолига сифатли ёрдам кўрсатиш, фуқароларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигини мустаҳкамлаш, мустақил ҳаёт кечириш кўникмаларини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратилган.
[gallery-32679]
Марказ фаолияти инсон қадрини улуғлаш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятга ижтимоий мослашувини таъминлаш ва муносиб ҳаёт кечириши учун кенг имкониятлар яратишга қаратилган.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА