Юртимизда энтеровирусли инфекциялар бўйича эпидемиологик вазият барқарор ва тўлиқ назорат ости
Бугунги кунда мамлакатимизда энтеровирусли инфекциялар, жумладан, Коксаки вируси бўйича эпидемиологик вазият барқарор ва тўлиқ назорат остида бўлиб, касалликнинг кенг тарқалиши билан боғлиқ хавотирли ҳолатлар кузатилмаяпти.
Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, энтеровируслар гуруҳига мансуб ушбу юқумли касаллик қўзғатувчисининг ҳозирда 30 га яқин тури маълум. Болаларда ушбу инфекция юққанда тана ҳарорати 39-40 даражагача кўтарилиб, лимфа тугунлари шишади. Шу билан бирга, беморда кучли бош оғриғи, кўнгил айниши ва қайт қилиш кузатилади. Касаллик ривожланиши билан танада тошмалар пайдо бўлади, оғиз бўшлиғи, тил ва милкларда эса оғриқли яралар ҳамда пуфакчалар тошади. Бу ҳолат томоқ оғриғини келтириб чиқариб, боланинг овқатланишдан бош тортишига сабаб бўлади.
Ушбу вирус асосан ҳаво-томчи йўли, ифлос қўллар, ўйинчоқлар ҳамда умумий фойдаланиладиган идиш-товоқлар орқали юқади. Бундан ташқари, беморнинг терисидаги пуфакчалар суюқлиги ва ажралмалари билан бевосита мулоқотда бўлиш ҳам инфекция юқишига олиб келади.
Шу боис мутахассислар энтеровирусли инфекциялардан сақланиш учун шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш, қўлларни мунтазам равишда совун билан ювиш, фақат хавфсиз ичимлик сувидан фойдаланиш ва санитария-гигиена талабларига амал қилиш зарурлигини эслатмоқда.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси фуқаролардан ваҳимага берилмасликни ҳамда фақат расмий манбалар томонидан тақдим этилаётган ишончли маълумотларга таянишни сўради.
ЎзА