“Ўзсувтаъминот” АЖ: аҳоли мурожаатлари 23 фоизга камайди
Аҳолининг ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва ҳал этиш, мурожаатларга тезкор жавоб бериш ҳамда жойларда аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти тизимида устувор вазифалардан бирига айланмоқда.
Бу борада амалга оширилаётган ишлар, аҳоли мурожаатлари динамикаси, уларда кўтарилаётган асосий масалалар ва муаммоларни жойида ҳал этиш чоралари юзасидан “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Тоҳир Ҳайдаров иштирокида брифинг ўтказилди.
Унда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 1 апрелдаги “Аҳоли билан мулоқот тизимини самарали ташкил қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда жамият бошқаруви раисининг тегишли буйруғи ижроси доирасида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизими такомиллаштирилмоқда.
Жойларда ишчи гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилиб, маҳаллаларда ўрганишлар ва сайёр қабуллар ўтказилмоқда. Маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва ҳоким ёрдамчилари билан ҳамкорликда аҳолини қийнаётган масалалар аниқланиб, уларни жойида ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Амалга оширилаётган ишлар натижасида жамият тизимига келиб тушаётган мурожаатлар сони ҳам камайган. Хусусан, 2025 йил сентябрь ҳолатига 16 минг 981 та мурожаат қайд этилган бўлса, 2026 йил сентябрь ҳолатига бу кўрсаткич 13 минг 150 тани ташкил этди. Натижада мурожаатлар сони 23 фоизга камайган.
Президент Халқ қабулхоналари орқали келиб тушаётган мурожаатлар динамикасида ҳам ўзгариш кузатилмоқда. 2025 йилда 15 минг 642 та мурожаат қайд этилган бўлса, 2026 йил сентябрь ҳолатига уларнинг сони 12 минг 133 тани ташкил этган.
Мурожаатларнинг асосий қисми ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ масалаларга тўғри келади. Тармоқлардаги авариялар, сув узилиши, босимнинг пастлиги ва сув етказиб бериш жадваллари юзасидан мурожаатлар 5 минг 336 тадан 1 минг 199 тага камайган.
Аҳоли мурожаатларини тезкор қабул қилиш мақсадида 12-55 қисқа рақамли “Колл-марказ” хизмати ташкил этилган. Мурожаатлар ушбу рақам орқали 24 соат, ҳафтанинг 7 куни қабул қилинади. 2026 йил сентябрь ҳолатига мазкур рақам орқали 12 минг 551 та мурожаат келиб тушган.
Шунингдек, Телеграм чат-канали орқали ҳар ойда 4 мингдан ортиқ мурожаат қабул қилинмоқда. Жорий йилнинг 9 ойи давомида Президент Халқ қабулхоналари ва маҳалла вакиллари билан ҳамкорликда 3 мингдан ортиқ сайёр қабул ўтказилди.
Аҳоли мурожаатларида кўтарилаётган масалаларни аниқлаш ва уларга тезкор муносабат билдириш мақсадида оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда эълон қилинган 722 та танқидий материал ҳам ўрганиб чиқилди. Уларда кўтарилган масалалар юзасидан тегишли чоралар кўрилиб, расмий муносабатлар билдирилди.
Мурожаатларни жойида ҳал этиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида ҳудудий сув таъминоти корхоналарининг махсус техника билан таъминланганлик даражаси ҳам оширилмоқда. Жумладан, 100 та сув ташувчи машина, 13 та авария-тиклаш машинаси, 20 та ғилдиракли экскаватор ва бошқа махсус техникалар харид қилиниб, ҳудудларга етказиб берилди.
Шу билан бирга, аҳолининг мурожаат қилиш имкониятлари кенгайтирилмоқда. Тошкент шаҳри ва Фарғона вилояти учун ишонч телефонлари ишга туширилди, электрон почта ва Телеграм-бот орқали мурожаат йўллаш имконияти яратилди. Автотранспорт ва махсус техникалар ҳаракатини назорат қилиш учун автоматлаштирилган GPS тизими жорий этилди. Истеъмолчилар учун шахсий кабинет ишга туширилиб, @uzsuvbot такомиллаштирилди.
Бугунги кунда “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти тизими 32 миллион истеъмолчига хизмат кўрсатмоқда. Қарздор истеъмолчиларни хабардор қилиш мақсадида жорий йилнинг 8 ойида 7 миллиондан ортиқ қисқа хабарнома юборилди.
Мурожаатлар билан ишлашда эътибор нафақат муаммони бартараф этиш, балки унинг келиб чиқиш сабабларини аниқлашга ҳам қаратилмоқда. Шу мақсадда ҳудудларда хонадонма-хонадон ўрганишлар ўтказилиб, аҳолини қийнаётган масалалар аниқланмоқда ва уларни ҳал этиш бўйича чоралар белгиланмоқда.
Умуман, “Ўзсувтаъминот” тизимида аҳоли мурожаатлари билан ишлашда асосий эътибор муаммони эшитиш, унинг сабабларини ўрганиш, жойида ҳал этиш ва такрорий мурожаатларга сабаб бўлаётган омилларни бартараф этишга қаратилмоқда. Бу борада маҳаллалардаги ўрганишлар, сайёр қабуллар ва аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотлар изчил давом эттирилади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА