Ёш педагогнинг катта ютуғлари
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти Ёзёвон туманидаги 21-умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Шукрулло Ҳасанбоев беш йиллик иш тажрибасига эга. Ёш педагог қисқа фурсатда изланувчанлиги, касбий маҳорати ва таълим жараёнига янгича ёндашувлари билан самарали натижаларга эришиб келмоқда.
Шукрулло Ҳасанбоев яқинда ўтказилган «Йил ўқитувчиси – 2026» танловида ғолибликни қўлга киритиб, 616 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланди.
2020 йилда Фарғона давлат университетини тамомлаган ёш мутахассис меҳнат фаолиятини ўзи таҳсил олган мактабда бошлаган. Ўз устида мунтазам ишлаган педагог икки йил ичида олий малака тоифасига эришди. 2024 йилда Мактабгача ва мактаб таълими вазири устамасига сазовор бўлди.
Шунингдек, 2023 йилдан буён миллий сертификат имтиҳонларида уч марта «А+» даражасини қўлга киритган.
Унинг ташаббуси билан мактабда ташкил этилган «Турон» театр студияси тарбияланувчилари томонидан саҳналаштирилган «Падаркуш» драмаси вилоят миқёсида биринчи ўринни эгаллади.
[gallery-31621]
Айни пайтда ёш педагог 13 миллион сўм миқдорида иш ҳақи олади. У инглиз ва араб тилларида мулоқот қилади. Илмий мақолалари хорижий тилларда тайёрланиб, халқаро журналларда чоп этилмоқда.
Айни пайтда Шукрулло Ҳасанбоев Фарғона давлат университети магистратура босқичида таҳсил олиб, филология фанлари бўйича фалсафа доктори илмий даражасини қўлга киритиш мақсадида илмий изланишларини давом эттирмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА