Ҳарбий хизмат ва таълим уйғунлиги
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бугун ҳарбий хизматни ўтаётган ёшлар учун Ватан олдидаги бурчини адо этиш баробарида билим олиш, олий таълимда таҳсилни давом эттириш учун ҳам кенг имкониятлар яратилган. Бу, ўз навбатида, ҳарбий хизматчиларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, келгуси фаолияти учун зарур билим ва кўникмаларни эгаллашига хизмат қилади.
Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги Хайрабод гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмда хизмат қилаётган аскарлар ҳам ушбу имкониятлардан унумли фойдаланяпти.
Айни вақтда олий таълим муассасаларига қабул қилинган аскарлар ҳарбий хизматни давом эттирган ҳолда, масофавий шаклда таҳсил оляпти. Бугунги машғулотлар жараёнида ҳам улар онлайн дарсларда иштирок этиб, мутахассисликлари бўйича янги билимларни ўзлаштирди ва берилган топшириқларни бажарди.
[gallery-31590]
Замонавий ахборот технологиялари воситасида ташкил этилган дарслар ҳарбий хизмат ва таълимни бир вақтда олиб бориш имконини бермоқда. Аскарлар назарий билимларини мустаҳкамлаш билан бирга, танлаган йўналиши бўйича амалий кўникмаларини ҳам бойитяпти.
Бундай ёндашув ёшларнинг ҳарбий хизмат даврида билим олиши ва касбий салоҳиятини ошириши учун қўшимча шароит яратади. Зеро, ҳарбий хизматчи учун жисмоний тайёргарлик билан бир қаторда, билим ва замонавий дунёқараш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Ҳарбий хизмат ва таълимнинг уйғунлиги эса ёшларнинг бугунги вазифаларини сидқидилдан бажариши билан бирга, келгуси фаолияти учун мустаҳкам пойдевор яратишига хизмат қилади.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА