“Ўзмиллийбанк” АЖ ҳамда “Bank of China” 1 млрд. юань миқдоридаги молиялаштиришни ташкиллаштириш тўғрисида келишув имзоладилар
2026 йил 6 май куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов бошчилигидаги делегациянинг Гонконг махсус маъмурий ҳудудига расмий ташрифи доирасида “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” АЖ (“Ўзмиллийбанк” АЖ) ва “Bank of China” ўртасида 1 млрд. юань (145 млн. АҚШ долл. экв.) миқдоридаги синдикатлашган молиялаштиришни ташкил этиш тўғрисида келишув имзоланди.
Имзолаш маросими давлат органлари, молия институтлари ҳамда икки мамлакат ишбилармон доиралари вакилларини бирлаштирган Гонконг шаҳридаги биринчи Ўзбекистон–Хитой иқтисодий форуми доирасида бўлиб ўтди.
“Ўзмиллийбанк” АЖ “Bank of China”дан хитой юанида кредит линияси жалб қилиш бўйича келишувга эришган Ўзбекистондаги биринчи тижорат банки бўлди.

Эришилган келишувлар трансчегаравий молиялаштиришда хитой юанидан фойдаланишга бўлган юқори қизиқишни акс эттириб, “Ўзмиллийбанк” АЖнинг муқобил ликвидлик манбалари билан ишлашдаги ўрнини янада мустаҳкамлайди.
Бу банк учун Хитой миллий валютасидаги молиялаштириш манбаларини кенгайтириш, шунингдек инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш инструментларини янада ривожлантириш имконини яратади.
“Ўзмиллийбанк” АЖ Хитой молия институтлари билан ҳамкорликни изчил равишда кенгайтириб бормоқда.
Бугунги кунда банк томонидан Хитой Халқ Республикасидаги ҳамкорлардан Хитой миллий валютасида жалб қилинган кредит линияларининг умумий ҳажми 11,5 млрд.дaн (1,6 млрд. АҚШ долл. экв.) ошди. Бу эса юандаги операцияларни кенгайтириш ҳамда лойиҳаларни молиялаштиришда муқобил валюталар ролини ошириш учун мустаҳкам асос яратмоқда.
Мазкур келишув Ўзбекистон Республикаси ҳамда Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик изчил чуқурлашиб бораётган бир шароитда имзоланмоқда. Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо-иқтисодий ҳамкори бўлиб қолмоқда. 2025 йил якунларига кўра, икки томонлама савдо айланма ҳажми 34 фоизга ўсиб, 17 млрд АҚШ долларидан ошди.
Томонлар яқин истиқболда савдо айланмасини 20 млрд АҚШ долларига етказишни мақсад қилган бўлиб, инвестициявий ҳамкорлик ҳам барқарор ўсиш суръатларини намоён этмоқда. Хусусан, 2025 йил якунлари бўйича Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган Хитой инвестицияларининг умумий ҳажми 15,8 млрд. АҚШ долларни ташкил этди.
Шунингдек, мазкур келишув, 2026 йил учун мўлжалланган Давлат инвестиция дастури доирасида банк олдига қўйилган вазифалар ижросини таъминлайди. Унга мувофиқ, “Ўзмиллийбанк” АЖга халқаро молия институтларидан жами 1,5 млрд АҚШ доллари эквивалентида молиялаштириш жалб қилиш вазифаси топширилган. Шу нуқтайи назардан, Bank of China билан ҳамкорлик молиялаштириш манбаларини диверсификация қилишнинг асосий воситаларидан бири ҳисобланади.
Bank of China билан мазкур келишувнинг имзоланиши дунёнинг энг йирик молия институтларидан бири томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларга билдирилган юқори ишончнинг яна бир амалий ифодаси ҳисобланади.
Макроиқтисодий сиёсатнинг барқарорлигига қўшимча тасдиқ сифатида 2025 йилда халқаро рейтинг агентликлари — Fitch Ratings ва S&P Global Ratings томонидан Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги “BB-” даражасидан “BB” даражасига оширилди. Шунингдек, “Ўзмиллийбанк”нинг кредит рейтинги ҳам суверен даражагача кўтарилди. Бу банкнинг барқарор молиявий ҳолати ҳамда халқаро инвесторлар томонидан унга бўлган юқори ишончни акс эттиради.
Маълумот учун:
- “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” АЖ 1991 йилда ташкил этилган бўлиб, мамлакатнинг энг йирик тизимли аҳамиятга эга банки ҳисобланади.
2025 йил якунларига кўра, банк активлари 12 млрд. АҚШ долл.дaн ошди, кредит портфели 9,0 млрд. АҚШ долл.га етди, капитал ҳажми 1,6 млрд. АҚШ долл.дaн ошди, соф фойда эса 160 млн. АҚШ долл.ни ташкил қилди. Бу республика банк тизимидаги энг юқори кўрсаткичлари ҳисобланади.
2. Bank of China 1912 йилда ташкил этилган бўлиб, Хитойнинг энг қадимий банкларидан бири ҳамда халқаро банк тизимининг муҳим иштирокчиси ҳисобланади.
Банк давлат тижорат молия институти сифатида фаолият юритиб, дунёнинг
60 та мамлакатида 500 дан ортиқ бўлинмалардан иборат кенг глобал тармоққа эга. 2025 йил якунларига кўра, банкнинг жами активлари 5,4 трлн. АҚШ долл.ни, капитали 450,6 млрд. АҚШ долл.ни, соф фойдаси эса 36,2 млрд. АҚШ долл.ни ташкил этган.