Ўзбекистонда солиқ тушумлари 63,6 триллион сўмни ташкил этди
2026 йилнинг биринчи чорагида солиқ органлари томонидан республика бюджетига 63,6 триллион сўм тушум таъминланди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 24 фоизга ошган.
Давлат солиқ қўмитаси маълумотига кўра, тушумларнинг асосий қисми фойда солиғи ҳиссасига тўғри келиб, ушбу йўналишда 20,4 триллион сўм маблағ ундирилган. Бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 43 фоизга кўп.
Қўшилган қиймат солиғи тушумлари 12,5 триллион сўмни ташкил этиб, 27 фоизга ошган. Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича тушумлар 10,7 триллион сўмга етиб, ўсиш суръати 15 фоизни қайд этди.
Шунингдек, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ тушумлари 6 триллион сўмни, акциз солиғи бўйича тушумлар эса 4,6 триллион сўмни ташкил этди. Солиқсиз тушумлар ҳажми 3,3 триллион сўмга етиб, 1 фоизга ошган.
Ер солиғи тушумлари 2,8 триллион сўмни ташкил этиб, 34 фоизга кўпайган. Мол-мулк солиғи бўйича бюджетга 2,3 триллион сўм тушган бўлса, айланмадан олинадиган солиқ тушумлари 0,6 триллион сўмга етиб, 12 фоизлик ўсиш қайд этилган.
Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тури энг юқори ўсиш суръатини ташкил этиб, ушбу йўналишдаги тушумлар 82 фоизга ошган ҳолда 0,4 триллион сўмни ташкил этди.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА