Ўзгаришлар кўчалардан бошланади
Жиззах вилоятининг Арнасой туманида маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли учун қулай ва хавфсиз муҳит яратишга қаратилган ишлар давом этмоқда.
Мазкур ёндашув 2026 йил 16-февралда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар билан ҳамоҳанг. Ҳужжатда маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаштиришга 20 триллион сўм йўналтириш кўзда тутилган.
[gallery-31258]
Муҳими, давлат дастурларида белгиланаётган вазифаларнинг ҳаётдаги натижаси аввало маҳалла кўчалари, йўлаклар, обод ҳудудлар ва аҳоли учун яратилаётган қулайликларда намоён бўлади. Арнасойдаги ишлар ҳам ана шу эзгу мақсаднинг бир бўлаги сифатида аҳоли турмушига яқинлиги билан аҳамиятли.
Туманда амалга оширилаётган ишларни ўрганиш жараёнида туман ҳокими Одил Мусанов қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг сифатига алоҳида эътибор қаратди. Объектларни белгиланган талаблар асосида барпо этиш, ҳар бир ишнинг пировард натижаси аҳоли манфаатига хизмат қилиши ва жараённи назоратга олиш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Зеро, ободликнинг қиймати унинг кўркамлиги билангина эмас, одамга яратган қулайлиги билан ўлчанади. Мустаҳкам йўлак, тартибли ҳудуд, пухта ташкил этилган инфратузилма буларнинг барчаси маҳалладаги ҳаёт сифатига таъсир этувчи муҳим омиллардир.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари