«Ишбилармон аёл – 2026»: шаҳар босқичи ғолиби аниқланди
Гулистон шаҳрида бўлиб ўтган «Ишбилармон аёл – 2026» кўрик-танловининг шаҳар босқичи қизғин ва кўтаринки руҳда ўтди. O‘zLiDeP Гулистон шаҳар кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган танловда 13 нафар иштирокчи ўз бизнес лойиҳалари, қўл меҳнати намуналари ҳамда тадбиркорлик фаолиятида эришаётган натижаларини ҳакамлар ва йиғилганлар эътиборига ҳавола қилди.
Танлов жараёнида иштирокчиларнинг ҳар бири ўз фаолияти, босиб ўтган йўли ва келгуси режалари ҳақида сўзлаб, тадбиркорлик соҳасидаги тажрибасини намоён этди. Тақдим этилган лойиҳалар, қўл меҳнати билан яратилган маҳсулотлар ва амалий ташаббуслар уларнинг изланиши, меҳнати ва янги ғояларга интилишини кўрсатди.
Кимдир ўз бизнесини янада ривожлантириш борасидаги режалари билан ўртоқлашган бўлса, яна кимдир меҳнати орқали эришган натижаларини намойиш этди. Шу тариқа танлов майдони тажриба, ташаббус ва янги ғоялар мулоқотига айланди.

Натижаларга кўра, Дилрабо Эминжанова биринчи ўринни эгаллаб, «Ишбилармон аёл – 2026» кўрик-танловининг Гулистон шаҳар босқичи ғолиби деб топилди. Шоҳиста Бектемирова иккинчи, Нилуфар Турдиева эса учинчи ўрин соҳиби бўлди.

Тадбир якунида ғолиблар ва фаол иштирокчилар партиянинг дипломлари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Мазкур кўрик-танлов хотин-қизларнинг тадбиркорлик соҳасидаги фаоллигини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббуслари ва янги ғояларини рағбатлантиришга хизмат қилди. Ғолибларга эса танловнинг вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқи берилди.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири