Самарали семинар
Жиззах вилояти Дўстлик туманида қишлоқ хўжалигидаги долзарб вазифалар, хусусан, пахта ҳосилини уюшқоқлик билан йиғиб-териб олиш ва кузги ғалла экишга пухта тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.
Даладаги ҳар бир юмуш ўз вақтида ва сифатли бажарилсагина, йил меҳнати ўз самарасини беради. Шу боис туманда ҳосилни йиғиштириб олишдан тортиб, янги экиш мавсумига замин тайёрлашгача бўлган жараёнларни изчил ташкил этишга эътибор қаратилмоқда.
“Шунқор йўли” фермер хўжалиги даласида ўтказилган амалий семинарда туман ҳокими, қишлоқ хўжалиги соҳаси мутасаддилари ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди.
Унда пахта теримига тайёргарлик, мавжуд қишлоқ хўжалиги техникаларини ишга шайлаш, техника таъминотини мустаҳкамлаш ҳамда ҳосилни қисқа муддатда ва сифатли йиғиб олиш учун зарур чораларни кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Зеро, даланинг серҳосиллиги қанчалик муҳим бўлса, унинг неъматини ўз вақтида йиғиштириб олиш ҳам шунчалик масъулиятли вазифадир. Шу нуқтаи назардан, фермер хўжаликларида мавжуд техникалардан унумли фойдаланиш, зарур ҳолларда қўшимча техника жалб этиш ва терим жараёнини тўғри ташкил қилиш юзасидан тавсиялар берилди.
Кузги ғалла экиш масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. Ер майдонларини сифатли тайёрлаш, агротехник тадбирларни ўз вақтида бажариш ва экиш ишларини белгиланган муддатларда ташкил этиш келгуси ҳосил пойдеворини мустаҳкамлашда муҳим экани таъкидланди.
Семинарда фермерларга ерга ишлов беришдан тортиб, техникадан фойдаланишгача бўлган жараёнларда агротехник талабларга қатъий риоя этиш, ишни олдиндан пухта режалаштириш ва мавжуд имкониятларни тўлиқ сафарбар қилиш бўйича зарур кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, соҳадаги муаммоларни ўз вақтида аниқлаб, уларни тезкор бартараф этиш, белгиланган вазифалар ижросини назорат қилиш ва ҳар бир йўналиш бўйича масъулиятни ошириш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилди.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари