“Насаф” божхона пости фаолияти учун замонавий шароит яратилди
Қашқадарё вилоятида божхона инфратузилмасини ривожлантириш, ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш ҳамда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 7 февралдаги қарорида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Қарши шаҳридаги “Насаф” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости замонавий талабларга жавоб берадиган янги маъмурий бинога кўчирилди.

Янги бинода божхона ходимларининг самарали фаолият юритиши учун зарур шароитлар яратилган, хизмат хоналари замонавий жиҳозлар билан таъминланган.

Шунингдек, Қашқадарё вилоят божхона бошқармаси тасарруфидаги божхона омбори қайта таъмирланиб, ҳудуди ободонлаштирилди. Бу ерда товарларни божхона назорати остида сақлаш ва тегишли божхона тартиб-таомилларини амалга ошириш учун қулай шароит яратилди.

“Насаф” ТИФ божхона пости томонидан кўрсатилаётган хизматлар самарадорлиги натижаларда ҳам намоён бўлмоқда. Жорий йилнинг саккиз ойида постда 1 минг 964 маротаба божхона кўриги ўтказилиб, давлат бюджетига 377 миллиард 400 миллион сўмдан ортиқ божхона тўловлари йўналтирилди.

Яратилган замонавий инфратузилма божхона хизматлари самарадорлигини ошириш, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига қулай шароит яратиш ва давлат бюджети даромадларини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ўлмас Баротов,
ЎзА