Коммунал хизматлар сифати депутатлар назоратида
Куз-қиш мавсумида аҳолининг электр энергияси, табиий газ, иссиқлик ва ичимлик суви таъминотида узилишларга йўл қўймаслик, мавжуд инфратузилманинг мавсумга шайлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.
Шу боис Ўзбекистон Халқ демократик партияси депутатлари томонидан Тошкент вилоятида коммунал хизматлар сифати ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ўрганилди. Мазкур жараёнда нафақат белгиланган режаларнинг ижроси, балки аҳоли дуч келаётган муаммолар, уларнинг сабаблари ва ҳал этиш чоралари ҳам эътибор марказида бўлди.
Ўрганишлар доирасида вилоят, туман ва шаҳар депутатлик гуруҳлари иштирокидаги ишчи гуруҳлар ҳамда штаблар ташкил этилди. Жойлардаги ҳолат таҳлил қилиниб, масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда мавжуд масалаларни ҳал этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди. Хусусан, натижалар Чирчиқ шаҳрида коммунал соҳа вакиллари, депутатлар ҳамда партия масъуллари иштирокидаги онлайн йиғилишда муҳокама қилинди. Унда аниқланган камчиликлар, бажарилиши лозим бўлган ишлар ва масъул ташкилотлар олдида турган вазифалар юзасидан фикр алмашилди.

Чирчиқ шаҳридаги иссиқлик таъминоти тизими ҳолати ҳам ўрганилди. Маълумотларга кўра, шаҳардаги “Иссиқлик таъминоти” масъулияти чекланган жамияти 663 та истеъмолчига хизмат кўрсатади. Уларнинг 614 таси кўп қаватли уйлар, 49 таси эса ижтимоий соҳа объектларидир. Иссиқлик 19 та қозонхона орқали етказиб берилади. Шаҳардаги иссиқлик тармоқларининг умумий узунлиги 76,5 километрни ташкил этади. 2026–2027 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида 12 та қозон агрегати ва 14,1 километр иссиқлик тармоғини жорий таъмирлаш режалаштирилган бўлиб, белгиланган ишлар тўлиқ бажарилган. Кўп қаватли уйларнинг ички иситиш тизимлари гидравлик босим остида ювилиб, мавсумга тайёрланган.
Вилоят бўйича кўп қаватли уй-жойларнинг том қисмлари, кириш йўлаклари, электр шитлар ва ертўлалардаги муҳандислик тармоқларини таъмирлаш ишлари ҳам олиб борилган. Бироқ айрим ҳудудларда ҳали бажарилиши лозим бўлган ишлар ҳам мавжуд. Масалан, Оҳангарон туманидаги 80 та кўп қаватли уйда 3 минг 638 та хонадон истиқомат қилади. Ўрганиш жараёнида Нуробод маҳалласидаги 13 та уйнинг том қисми таъмирталаб ҳолатда экани аниқланган. Шу билан бирга, тумандаги 34-, 36- ва 38-мактабларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги кўздан кечирилган. Ушбу таълим муассасаларида иситиш тизими, қозонхона, электр таъминоти ва бошқа зарур шароитлар соз ҳолатда экани маълум қилинган.

Ангрен шаҳрида эса мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфида 80 та ижтимоий соҳа объекти мавжуд. Шундан 40 таси умумтаълим мактаби, 40 таси давлат мактабгача таълим ташкилотидир. Уларнинг бир қисми марказлашган иситиш тизимига уланган бўлса, бошқалари қаттиқ ёқилғи ёки табиий газ ёрдамида иситилади. 2026–2027 йиллар куз-қиш мавсумида кўмир ёқилғисида ишлайдиган 17 та умумтаълим мактаб ва 7 та мактабгача таълим ташкилотини таъминлаш учун 2 минг 320 тонна кўмир режалаштирилган. Бироқ ўрганиш вақтида мазкур ёқилғининг ҳали етказиб берилмагани қайд этилган. Бу эса ижтимоий соҳа объектларини мавсумга тайёрлашда таъминот масаласига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатади.
Бекобод туманида кўп қаватли уйларнинг электр таъминотини яхшилаш мақсадида 52 та марказий электр шит янгиланган. Шунингдек, эҳтимолий авария ҳолатларини тезкор бартараф этиш учун зарур техника ва материаллар захирасини шакллантириш, авария-диспетчерлик хизматлари фаолиятини кучайтириш чоралари кўрилмоқда.
Газ таъминоти тизимида ҳам муайян ишлар бажарилган. Вилоят бўйича марказлашган 2 та қозонхона мукаммал, яна 17 та қозонхона жорий таъмирланган. Авария ҳолатларини тезкор бартараф этиш учун зарур техника ва эҳтиёт қисмлар захираси шакллантирилган. Авария-тиклаш хизматлари учун турли диаметрдаги газ қувурлари, зулфинлар, жўмраклар, манометрлар ва бошқа зарур материаллар захираси яратилган. 1 минг 247 та хонадонда энерготежамкор горелкалар ўрнатилган. Ташкилий-техник тадбирлар натижасида 1,1 миллион куб метр газ йўқотилишининг олди олингани маълум қилинган.

Ичимлик суви таъминоти ҳам депутатлар эътиборида бўлди. Ўрганишлар давомида Зангиота, Қибрай туманлари ва Нурафшон шаҳрида ичимлик суви тармоқларини мукаммал таъмирлаш билан боғлиқ айрим масалалар ўз ечимини кутаётгани қайд этилди.
Ўрганишлар давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича Халқ демократик партиясининг туман, шаҳар ва вилоят Кенгашларидаги депутатлари томонидан масъул ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилди. Шунингдек, Ўзбекистон ХДП Тошкент вилояти Кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари А. Умаралиев томонидан ўрганиш натижаларини Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига киритиш бўйича таклиф билдирилди.
Муҳими, депутатлик назорати фақат мавжуд ҳолатни ўрганиш ва камчиликларни қайд этиш билан чекланиб қолмаслиги керак. Унинг асосий натижаси аҳоли мурожаатларида кўтарилган масалаларнинг ҳал этилиши, масъул ташкилотлар фаолиятида аниқ ўзгаришлар юз бериши ва коммунал хизматлар сифати яхшиланишида намоён бўлади. Куз-қиш мавсумини беталафот ўтказишнинг энг муҳим мезони ҳам шу.
А.Мусаев,ЎзА