Афғонистонга 120,8 миллион долларлик экспорт амалга оширилди
Афғонистон қишлоқ хўжалиги, ирригация ва чорвачилик вазири ўринбосари Садр Аъзам Усманий раҳбарлигидаги делегация расмий ташриф билан Андижон вилоятида бўлди.
Ўзбекистон ва Афғонистон давлатлари ўртасида иқтисодий, савдо-сотиқ, маданий ва бошқа қатор соҳалардаги ҳамкорлик кўлами кенгайиб бормоқда. Икки мамлакат ўртасидаги дўстона, ўзаро манфаатли қўшничилик муносабатларни янада мустаҳкамлаш, қолаверса, Андижон ва Афғонистон ҳудудлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, янги лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга қаратилган ишлар олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг апрель ойида Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигидаги Андижон вилояти делегацияси Афғонистон бозорини ўрганиш, маҳаллий талабга мос маҳсулотлар ишлаб чиқиш, экспортни кенгайтириш ва икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида барқарор ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Қобул шаҳри ва Хирот вилоятида бўлган эди.


Афғонистонга ташриф доирасида Қобул ва Хирот шаҳарларида Андижон вилоятида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилиб, унда қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати маҳсулотлари, қурилиш материаллари, шунингдек, уй-рўзғор буюмлари ва маиший техника воситалари, умуман, 200 га яқин турдаги маҳсулотлар намойиш этилган.
Жумладан, Андижон ва Хирот вилояти тадбиркорлари иштирокида ўтказилган бизнес-форум доирасида икки вилоят тадбиркорлари ўртасида умумий қиймати 524 миллион долларлик келишув ва шартномалар имзоланган эди. Ана шу келишувлар доирасида бугунги кунда Афғонистон ва Андижон вилояти ўртасида савдо алоқалари олиб борилмоқда.
Савдо-сотиқни самарали амалга ошириш мақсадида “Бухоро – Туркманистон – Хирот” йўналиши бўйича алоҳида транспорт логистикасини йўлга қўйиш бўйича ишлар олиб борилди.
Умуман, ҳамкорлик йўлга қўйилганидан кейин ўтган олти ой давомида Андижон вилоятидан Афғонистонга жами 120,8 миллион долларлик экспорт амалга оширилди.


Масалан, Афғонистонга нефтгаз саноати йўналиши бўйича «SDK GROUP AND» МЧЖ томонидан 77,4 миллион, озиқ-овқат саноати маҳсулотлари йўналишида «Qorgontepa don maxsulotlari» АЖ ва «Fayz-M Halol Un va Yog'lari» МЧЖ томонидан 15,8 миллион, кимё саноати маҳсулотлари йўналиши бўйича "RAVON TARAQQIYOT ORZUSI" МЧЖ томонидан 1 миллион долларлик маҳсулотлар, шунингдек, 7,9 миллион долларлик мева-сабзавот, 4,3 миллион долларлик қурилиш маҳсулотлари экспорт қилинган.
Бугунги кунда ҳам Афғонистон ва Андижон вилояти ўртасидаги савдо-сотиқ ҳажми ҳамда кўламини ошириш бўйича муайян ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Афғонистон қишлоқ хўжалиги, ирригация ва чорвачилик вазири ўринбосари Садр Аъзам Усманий раҳбарлигидаги делегациянинг юртимизга, хусусан, Андижон вилоятига ташрифи ҳам ана шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади.
Ташрифнинг иккинчи кунида Афғонистон делегацияси вилоятдаги қатор корхоналарда бўлди, ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишди.
Дастлаб меҳмонлар Андижон шаҳрининг Эски шаҳар ҳудудидаги Марказий деҳқон бозорида бўлиб, бозор фаолиятини кўздан кечиришди.
Шундан сўнг Олтинкўл туманида ташкил этилган Мебелсозлик комплексида бўлди, бу ерда фаолият олиб бораётган тадбиркорлар фаолияти, савдо-сотиқ жараёнлари билан танишди.

Мебелсозлик комплексидаги ишлаб чиқариш цехларида йилига 160 минг дона мебель маҳсулотлари тайёрлаш, 10 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиниши белгиланган. Шунингдек, комплексда мебель дизайнерлик мактаби ташкил этилган бўлиб, бу ерда бозор талаблари маркетинги асосида янги турдаги, замонавий мебеллар ишлаб чиқилади.
Афғонистон делегацияси Шаҳрихон туманидаги пайпоқ ишлаб чиқариш корхонаси, шунингдек, “SAXOVAT TEXTIL” трикотаж маҳсулотлари корхонасига ташриф буюрди. Шунингдек, улар Бўстон туманидаги сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи "Rashk-Milk" корхонаси фаолияти билан танишди.

Балиқчи туманидаги «Сокин савдо сервис» корхонасига ташриф давомида эса делегация кластер корхонада она товуқ ва тухум етиштиришдан тортиб, инкубация тухумлари олиш, жўжа чиқариш ҳамда парранда боқишгача бўлган жараёнларни кўздан кечирди. Ушбу йирик паррандачилик кластери кунига 200 мингта товуқни қайта ишлаш, 400 тонна парранда гўштини қадоқлаш имкониятига эга.
Кейинги манзил ушбу тумандаги “Чинобод реал бизнес” МЧЖ корхонаси бўлди. Бу ерда олиб борилаётган ишлар Афғонистон меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Ушбу корхонада махсус ҳовузларда интенсив усулда йилига 2,5 миллион дона балиқ човоқлари, 200 тонна балиқ гўшти етиштирилади. Корхонада Қирғизистон, Тожикистон ва Афғонистон давлатларига 2 миллион доллар қийматдаги форель чавоғини экспорт қилиш режалаштирилган.

Тумандаги Сарновул маҳалласида иссиқхоналар ташкил этиш, томорқадан унумли фойдаланиш борасидаги ишлар билан танишган Афғонистон делегациясининг Андижон вилоятига сафари якунланди.
Афғонистон делегацияси Тошкент шаҳрига жўнаб кетди. Делегациянинг мамлакатимиздаги расмий сафари давом этади.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари