Ўзбекистоннинг ижтимоий ҳимоя соҳасидаги тажрибаси ўрганилди
Тошкент шаҳрида Тожикистон Республикаси Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги мутахассислари учун стажировка ташкил этилди.
Стажировка давомида ижтимоий ҳимоя тизимини рақамлаштириш ва ногиронликни баҳолашнинг миллий модели бўйича Ўзбекистон тажрибаси ўрганилди.
Меҳмонларга Агентлик фаолияти, ижтимоий тўловларни тайинлаш тартиби, жараёнларнинг шаффофлигини таъминлаш, ногиронликни баҳолашнинг миллий модели ҳамда ижтимоий хизматларни рақамлаштириш бўйича тақдимотлар ўтказилди.
Шунингдек, делегация “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази, “Имкониятлар олами” кўп тармоқли маркази ва Тошкент шаҳридаги 22-сон оилавий поликлиника фаолияти билан танишди.
Ташриф якунида томонлар стажировка натижаларини муҳокама қилиб, икки давлатнинг соҳавий идоралари ўртасидаги ҳамкорликнинг келгуси йўналишларини белгилаб олди.
М.Қосимова, ЎзА