Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи Транс-Каспий йўлаги бўйича ҳамкорликни кенгайтиради
Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги транспорт алоқаларини ривожлантиришда Транс-Каспий йўлаги муҳим йўналишлардан бирига айланмоқда. Ўзбекистоннинг ушбу транспорт тизимидаги иштирокини кенгайтириш, инфратузилмани такомиллаштириш ва янги инвестицияларни жалб этиш масалалари 30 сентябрь куни Тошкентда ўтказиладиган 2-Миллий Транс-Каспий транспорт йўлаги конференциясида муҳокама қилинади.
Тадбирда давлат ташкилотлари, халқаро молия институтлари, тараққиёт ҳамкорлари ҳамда транспорт ва логистика соҳасидаги хусусий сектор вакиллари иштирок этади.
Конференция доирасида йўлакни ривожлантириш бўйича устувор вазифаларни амалий инвестиция лойиҳалари ва ислоҳотларга айлантириш, шунингдек, Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги транспорт алоқаларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилади.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва Европа Комиссиясининг Халқаро ҳамкорлик бўйича Бош дирекцияси ҳамкорлигида ташкил этилади. Асосий эътибор транспорт йўлагидаги мавжуд имкониятларни аниқ лойиҳаларга айлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва соҳадаги ислоҳотларни мувофиқлаштиришга қаратилади.
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ахборот хизмати раҳбари Малика Мусаеванинг маълум қилишича, конференция доирасида Ўзбекистоннинг Транс-Каспий йўналишидаги иштироки ва унинг Марказий Осиё давлатларини Европа билан боғлашдаги аҳамиятига алоҳида эътибор берилади. Темир йўл ва автомобиль йўллари инфратузилмасини яхшилаш, логистика хизматларини ривожлантириш, транспорт жараёнларини рақамлаштириш каби масалалар ҳам кун тартибидан ўрин олади.
– Халқаро ташувларда ҳужжатларни электрон шаклга ўтказиш, чегарадан ўтиш жараёнларини соддалаштириш, шунингдек, хусусий компанияларни транспорт инфратузилмаси ва логистика лойиҳаларига кенгроқ жалб этиш масалалари ҳам муҳокама қилинади. Транс-Каспий транспорт йўлаги Мувофиқлаштириш платформаси Европа Иттифоқининг “Global Gateway” стратегияси доирасида амалга оширилади. Унда Марказий Осиёнинг беш давлати билан бирга Европа Иттифоқи, халқаро молия институтлари ва бошқа ҳамкорлар иштирок этади. Ўйлайманки, ушбу мулоқот барча томонлар учун янги ҳамкорлик имкониятларини очиб беради, – деди М.Мусаева.
Тошкентдаги ушбу тадбир Транс-Каспий йўналишини ривожлантириш бўйича аввалги мулоқотларнинг давоми ҳисобланади. Хусусан, 2024 йил сентябрда мазкур йўлакни мувофиқлаштириш платформасининг биринчи миллий семинари, 2025 йил ноябрда эса Инвесторлар форуми ўтказилган эди.
Конференция якунлари асосида йўлак инфратузилмасини ривожлантириш, унинг самарадорлиги ва рақобатбардошлигини оширишга қаратилган кейинги чора-тадбирлар белгилаб олинади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА