Озиқ-овқат хавфсизлиги барқарор қишлоқ хўжалигига боғлиқ
Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтида "Озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор қишлоқ хўжалиги: ресурстежамкор технологиялар, яшил иқтисодиёт, ақлли қишлоқ хўжалиги ва агротуризмни ривожлантириш йўллари" мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ҳамда "Иқтисодий ўсиш ва инсон капиталини ривожлантириш учун таълимнинг инновацион шакллари" мавзусида халқаро форум ўтказилди.
Анжуманда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси, қишлоқ хўжалиги вазирлиги, олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги масъуллари, Тожикистон Республикасидан ташриф буюрган меҳмонлар, шунингдек, Латвия ва Словакия элчихоналари вакиллари ҳамда Эрасмус+ Миллий офиси менежери каби халқаро экспертлар иштирок этди.

– Бугунги тадбир икки қисмдан иборат. Биринчиси, Ўзбекистон, Тожикистон, Словакия, Латвия университетлари билан ҳамкорликда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда “Очиқ университет” лойиҳасининг якунловчи форуми бўлиб ўтмоқда, – деди Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти ректори, профессор Шавкат Ҳасанов. – Мана шу йўналишда озиқ-овқат сифатини таҳлил қилиш, кадрлар салоҳиятини оширишга қаратилган лойиҳа очиқ университет тамойили асосида олиб борилмоқда. Бунда талабгорлар ёшидан, масофасидан қатъи назар, ишлаб чиқаришдан узилмаган ҳолда дарслар, очиқ модуллар ёки очиқ курсларда иштирок этиши мумкин. Бу Ўзбекистон тарихи, илм-фан ва озиқ-овқат соҳаси учун янгилик ҳисобланади. Иккинчиси, барқарор қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлигига бағишланган халқаро конференция бўлиб, глобаллашув шароитида хавфсиз ишлаб чиқаришни яратишда токсинлардан холи, талабларга жавоб берадиган органик маҳсулотни ички бозоримизга чиқаришда мутахассисларни тайёрлаш ҳақида муҳокамалар бўлиб ўтади.

Анжуманда лойиҳа координатори Ирина Кулитане OFINU (Озиқ-овқат инновациялари бўйича очиқ университет) лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишларга юқори баҳо берди.
– Мазкур ташаббус таълим ва илмий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, илғор хорижий тажрибаларни ёшлар ва соҳа мутахассисларига етказишда кенг имкониятлар эшигини очмоқда, – деди Ирина Кулитане. – Бу иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг глобал интеграция жараёнларидаги фаоллигини ошириш ҳамда корпоратив инновацион ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилади. Хусусан, ёш тадқиқотчиларнинг инновацион ғоялари ва амалий ишланмаларини баҳолаб, рағбатлантириш тадбирнинг энг муҳим босқичларидан бири бўлиб қолмоқда.
Халқаро конференцияда озиқ-овқат хавфсизлиги ва қишлоқ хўжалигини иқтисодий баҳолаш, фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси, тупроқ унумдорлигини ошириш ҳамда ресурстежамкор технологияларни жорий этиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири