Юксак салоҳиятли кадрлар юрт тараққиётини белгилайди
Президентимиз улкан ўзгаришлар майдонига айланган Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларини қамраб олган, умумий қиймати 9 миллиард 400 миллион долларлик 206 та инвестиция лойиҳаси бошланишига оқ йўл тилади.
Ушбу лойиҳалар шубҳасиз, вилоят иқтисодиёти учун янги саҳифа очади, юзлаб янги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади, экспорт ҳажми ортади. Энг асосийси, 45 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади.
Албатта, ана шу улкан қувватлар, янги-янги лойиҳалар, инновацион заводлар ўз-ўзидан ишлаб кетмайди. Уларни бошқариш, дунё бозорида рақобатлаша оладиган маҳсулот ишлаб чиқариш учун энг замонавий билимларга эга муҳандислар, технологлар ва моҳир мутахассислар керак.
Шу боис ҳам ташриф доирасида саноатлашув суръатлари билан бир қаторда таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, мактаб партасидан бошлаб ёшларни камида иккита чет тилига ўқитиш, битта касбга ўргатиш масаласи кун тартибидаги устувор вазифалардан бири сифатида белгиланди. Зеро, Андижоннинг бугунги инвестициявий юксалиши ўз самарасини бериши учун унинг мустаҳкам таълимий ва интеллектуал пойдевори шакллантирилиши муҳимдир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи нафақат ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини янги босқичга олиб чиқди, балки вилоятнинг энг муҳим бойлиги — инсон қадри ва ёшлар келажагига қаратилган стратегик вазифаларни белгилаб берди.
Ташриф доирасида тақдим этилган 206 та йирик инвестиция лойиҳасининг 2 миллиард 50 миллион долларлик 98 таси фойдаланишга топширилди, қиймати 7 миллиард 350 миллион доллар бўлган 108 та лойиҳанинг қурилишига старт берилди.
Вилоятнинг барча 16 та туман ва шаҳарларини қамраб олувчи ушбу лойиҳалар келгусида юртимиз иқтисодиётини, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади, минглаб андижонликларнинг доимий иш ўрни, даромад манбаи билан таъминлайди.
Давлатимиз раҳбарининг замонавий саноат, юқори технологияли ишлаб чиқариш ва инновацион иқтисодиёт ўз-ўзидан ҳаракатланмайди — уни малакали, рақобатбардош ва чуқур билимга эга мутахассислар юритади, деган сўзларидан келиб чиқиб, нафақат мен, балки барча босқичдаги вилоят таълим тизимининг вакиллари чуқур билимга эга, малакали, салоҳиятли етук мутахассислар тайёрлашни ўз олдимизга асосий мақсад қилиб қўямиз ва бу йўлда бор имкониятларимизни ишга солиб меҳнат қиламиз.
Муҳайё Эргашева,
Андижон давлат педагогика институти доценти,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори.