Ўзбекистонлик ёшлар Халқаро стандартлар олимпиадасида иштирок этмоқда
Жанубий Корея Республикасида 21-Халқаро стандартлар олимпиадаси ўз ишини бошлади.
Олимпиада дунёнинг турли мамлакатларидан ўрта мактаб ўқувчиларини бир майдонда жамлайдиган нуфузли интеллектуал мусобақалардан бири ҳисобланади. У 2014 йилда синов тариқасида халқаро миқёсда ташкил этилган бўлиб, 2015 йилдан бошлаб расмий халқаро олимпиада (ISO – International Standards Olympiad) сифатида мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Нуфузли халқаро интеллектуал мусобақада Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда. Мамлакатимиз ёшлари Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги масъуллари ҳамроҳлигида мазкур олимпиадада ўз билим ва салоҳиятини намойиш этмоқда.
Мусобақа иштирокчиларининг стандартлаштириш соҳасига оид билим ва кўникмаларини синовдан ўтказиш билан бир қаторда, уларда инновацион ёндашув, ижодий ва танқидий фикрлаш қобилиятларини шакллантиришга хизмат қилади. Шунингдек, олимпиада ёшлар ўртасида халқаро тажриба алмашинувини ривожлантириш, турли мамлакатлар вакиллари билан мулоқот қилиш ҳамда стандартларнинг замонавий ҳаётдаги аҳамиятини чуқурроқ англаш учун муҳим майдон ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик ёшлар жорий йилда Халқаро стандартлар олимпиадасида учинчи бор иштирок этмоқда. Бу эса мамлакатимизда ёшларни стандартлаштириш соҳасига кенг жалб этиш, уларнинг интеллектуал салоҳияти ва замонавий билимларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганидан далолат беради.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА