Аграр соҳада инновациялар бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
Қишлоқ хўжалигида рақамли технологияларни кенг жорий этиш, сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш ҳамда илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда етакчи хорижий университетлар ва илмий марказлар билан алоқаларни кенгайтириш муҳим.
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов АҚШнинг Калифорния университети — UC Berkeley AMENA Center for Entrepreneurship and Development маркази катта илмий ходими, сунъий интеллект тадқиқотчиси, профессор Яҳё Табеш билан учрашди.
Мулоқот давомида қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини аграр соҳага жорий этиш, инновацион таълим ва инсон капиталини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди, дейилади Қишлоқ хўжалиги маълумотида.
Томонлар қишлоқ хўжалигида сунъий интеллект асосида қарор қабул қилиш тизимлари, “ақлли” технологиялар ва маълумотларга асосланган бошқарув механизмларини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик имкониятларини кўриб чиқди.
Шунингдек, UC Berkeley билан таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, профессор ва экспертларни Ўзбекистонга жалб этиш, талабалар ҳамда маҳаллий мутахассислар учун амалий машғулотлар ташкил этиш, қўшма таълим ва тадқиқот дастурларини йўлга қўйиш бўйича таклифлар билдирилди.
Учрашувда сунъий интеллект инновация паркини ташкил этиш бўйича дастлабки концептуал ёндашув ҳам тақдим этилди. Мазкур ташаббус доирасида сунъий интеллект технологияларини агротехнологиялар, саноат, энергетика, логистика ва бошқа устувор йўналишларда қўллаш, инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда мутахассисларнинг амалий тайёргарлигини кучайтириш учун зарур муҳитни шакллантириш таклиф этилди.
Мулоқотнинг яна бир муҳим йўналиши сунъий интеллект даврида таълим ва инсон капиталини ривожлантириш масалаларига бағишланди. Профессор Яҳё Табеш технологик билимлар билан бир қаторда ижодкорлик, ахлоқий тафаккур, инсонпарварлик ва тасаввурни ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.
Шу нуқтаи назардан, қишлоқ хўжалиги таълимида лойиҳа асосида ўқитиш, амалий масалаларни ҳал этиш ва ижодий фикрлаш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган замонавий ёндашувларни жорий этиш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якунида аграр соҳада сунъий интеллект ва инновацион технологияларни ривожлантириш, илмий-тадқиқот ва таълим йўналишларидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича мулоқотни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
М. Ҳожиакбарова, ЎзА