Оила муқаддас даргоҳ
Оила – жамиятнинг энг муҳим бўғини, унинг мустаҳкамлиги эса фарзандлар камоли ва жамият барқарорлигининг муҳим омилидир.
Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 январда “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.
Қарор ижросини таъминлаш мақсадида, ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни қўллаб-қувватлаш, келишмовчиликларнинг асл сабабларини ўрганиш ва оилаларни яраштириш борасидаги ишлар Яккасарой туманида ҳам изчил давом эттирилмоқда.
Оилаларни мустаҳкамлаш ва оилавий ажримларнинг олдини олишга қаратилган туман Йўл харитаси ижроси доирасида Оила ва хотин-қизлар масканида навбатдаги муҳокама ташкил этилди.
Унда “Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси” томонидан ажрим ёқасига келиб қолган 5 та оиланинг оилавий вазияти, мавжуд муаммолари ва келишмовчиликларнинг сабаблари атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбирда туман масъуллари, диний идора вакили ҳамда психолог ва медиаторлар иштирок этди.
Суҳбатлар давомида ҳар бир оиланинг ҳолатига индивидуал ёндашилиб, эр-хотин ўртасидаги ўзаро ҳурмат, фарзандлар манфаатини устувор қўйиш, муаммоларни мулоқот ва ўзаро келишув орқали ҳал этиш юзасидан зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди.
Олиб борилган ҳаракатлар бесамар кетмай, 2 та оила яраштирилди. Яна 3 та оилага эса келишмовчиликларни бартараф этиш, оила муҳитини соғломлаштириш ва оилани сақлаб қолиш бўйича амалий тавсиялар берилиб, улар билан манзилли ишларни давом эттириш белгиланди.
Зеро, бир оиланинг сақлаб қолиниши бир хонадондаги меҳр-оқибат, фарзандлар келажаги ва жамиятдаги тотувликни асраш демакдир.
Шербек Исломов, ЎзА