Минглаб фуқаро ўз уйига рўйхатга қўйилишда муаммоларга дуч келмоқда — энди бу тартиб соддалаштирилади
Бугунги кунда фуқароларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш соҳасидаги ҳуқуқни қўллаш амалиётида айрим ҳуқуқий ноаниқликлар ҳамда чекловлар мавжуд. Маълумотларга кўра, ипотека кредити ёки субсидия асосида хонадон сотиб олган 20 мингдан ортиқ фуқаролар ўз уйларига рўйхатга қўйилишда муаммоларга дуч келишмоқда.
Бундай ҳолатлар фақатгина пойтахтда эмас, вилоятларда ҳам учрамоқда. Бу эса уларга фарзандларини мактаб ёки боғчага жойлаштириш, поликлиникага бириктириш, пенсия ва бошқа ижтимоий хизматлардан фойдаланишда муаммо туғдиряпти.
Қуйи палата мажлисида бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган — фуқароларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тартибини соддалаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ушбу ҳужжат аҳолини яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш жараёнларини соддалаштириш орқали фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини янада кенгроқ таъминлашга қаратилган. Қонун лойиҳасида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини янада тўлиқ таъминлашга қаратилган учта муҳим янгилик назарда тутилмоқда.
Биринчидан, оила аъзолари ва яқин қариндошларини турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказишда уй-жой майдонининг ижтимоий нормасини қўллаш билан боғлиқ чекловлар бекор қилинмоқда.
Яъни, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар, бува-буви ва неваралар, шунингдек, ака-ука ва опа-сингиллар бир-бирининг уй-жойига рўйхатдан ўтаётганда хонадон майдони белгиланган меъёрдан кам бўлса ҳам, бу ҳолат рўйхатдан ўтишга тўсқинлик қилмаслиги назарда тутиляпти. Бу оила аъзолари ва яқин қариндошларни бир манзилда рўйхатдан ўтказишни енгиллаштиришга хизмат қилади.
Иккинчидан, талабалар турар жойларида истиқомат қилаётган талабаларга нисбатан алоҳида ҳуқуқий механизм жорий этилиб, уларни рўйхатдан ўтказишда уй-жой майдонининг ижтимоий нормаси қўлланилмаслиги ҳам белгиланмоқда. Бу эса олий таълим муассасаларида талабаларни рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ мавжуд амалий муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади.
Учинчидан, қонун лойиҳасига кўра, эндиликда уй-жойга тақиқ қўйилган бўлса ҳам, мулкдор ва унинг яқин қариндошларини уй-жойга тақиқ ёки хатлов қўйилган турар-жойда рўйхатдан ўтказишда гаровга олиш, тақиқ қўйиш ёки бекор қилишга ваколатли органлар (банк, суд, МИБ)нинг розилиги талаб этилмайди. Бу тартиб, аввало, уй-жой мулкдори ва унинг оила аъзоларининг ўз уйида қонуний рўйхатдан ўтишига имконият яратади.
Фақат бунда гаровга олувчи ва давлат органларининг қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида рўйхатдан ўтказилаётган шахснинг олдиндан ёзма розилиги институти жорий этилмоқда. Ушбу механизмга кўра, гаровга олувчи ёки тақиқ (хатлов) қўйган ваколатли органнинг мурожаатига асосан унинг рўйхатдан ўтказилганлиги бекор қилиниши мумкин бўлади. Мазкур ҳуқуқий ечим бир томондан фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини, иккинчи томондан кредиторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳам етарли даражада ҳимоя қилинишини таъминлайди.
Муҳокамаларда мазкур ҳужжат аҳолига кўрсатиладиган давлат хизматларини янада содда ва қулай қилишга, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ишончли таъминлашга хизмат қилиши таъкидланиб, биринчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА