Ўзбекистонда илк бор халқаро ҳакамлик машғулотлари ташкил этилмоқда
Пойтахтимиз Тошкентда Халқаро стол тенниси федерациясининг ривожлантириш дастури доирасида стол тенниси мутахассислари учун илк бор ҳакамлик ўқув-машғулот йиғини ўтказилмоқда.
Икки босқичдан иборат машғулотларнинг дастлабки босқичида мутахассислар миллий тоифа йўналишида таҳсил олса, кейинги босқичда халқаро тоифанинг бошланғич ҳакамлик тоифаси учун билимларини бойитишади.

Айтиш лозимки, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан, шунингдек қўшни мамлакат спорт тенниси мутахассислари қатнашаётган машғулотларнинг биринчи босқичи 6 октябрь куни якунланса, иккинчи босқич 7-9 октябрь кунлари бўлиб ўтади.

Ҳар икки босқичда иштирок этган мутахассислар машғулотлар давомида стол тенниси қоидалари бўйича назарий ва амалий билимларини мустаҳкамлайди. Ўқув-йиғинлар якунида мутахассислар имтиҳон асосида тегишли сертификатларни қўлга киритади.
Ўзбекистонда стол тенниси бўйича ҳакамлик салоҳиятини ошириш, Осиё чемпионатига тайёргарлик кўришда муҳим аҳамият касб этадиган машғулотларни россиялик тажрибали халқаро тоифадаги ҳакам Валентин Пономарев олиб бормоқда.
Т. Рўзиев, ЎзА