Осиё ўйинлари: Ўзбекистоннинг 32 йиллик ғалабалар тарихи
Ўзбекистон спортчилари қитъамизнинг энг нуфузли мусобақаси — Осиё ўйинларида юқори натижаларни қайд этиб, юртимиз шон-шуҳратини дунёга танитмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор, яратилган замонавий шароитлар ҳамда спортчиларга кўрсатилаётган ҳар томонлама кўмак ўз самарасини бермоқда. Натижада, ўзбекистонлик полвонлар ва маҳоратли атлетлар Осиё ўйинлари шоҳсупаларидан муносиб ўрин эгаллаб, юрт байроғини баланд кўтармоқда.
Бунинг яққол мисолини жорий йил 19 сентябрь – 4 октябрь кунлари Япониянинг Аичи ва Нагоя шаҳарларида ўтказилган ХХ Осиё ўйинларида ҳам яна бир бор кўрдик. Қизиғи шундаки, Ўзбекистон мустақил давлат сифатида Осиё ўйинларидаги илк иштирокини 1994 йилда айнан Японияда ташкил этилган мусобақада бошлаган эди. Орадан 32 йил ўтиб, тақдир яна юртимиз вакилларини шу мамлакатга етаклади. Хўш, ўтган давр мобайнида спортчиларимиз қандай босқичларни босиб ўтди?
1994 йил — Хиросима (Япония): Мазкур Осиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси илк бор мустақил давлат сифатида қатнашганига қарамай, ўзининг салоҳиятини намоён этди. Ҳамюртларимиз 11 та олтин, 12 та кумуш ва 19 та бронза – жами 42 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгаллади. Айниқса, футбол, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, енгил атлетика, бокс ҳамда ўқ отиш турлари илк босқичдан асосий таянчимизга айланди.

1998 йил — Бангкок (Таиланд): ХIII Осиё ўйинлари бироз мураккаброқ кечди. Вакилларимиз 6 та олтин, 22 та кумуш ва 12 та бронза, жами 40 та медаль билан умумжамоада 10-поғонага жойлашди. Медаллар сифати пасайган бўлса-да, кумушларнинг кўплиги рақобат қизғин кечганидан далолат берарди.
2002 йил — Пусан (Жанубий Корея): XIV Осиё ўйинлари мамлакатимиз спорти тарихида янги саҳифа очди. 15 та олтин, 12 та кумуш ва 24 та бронза (жами 51 та медаль) қўлга киритилиб, яна кучли бешликка қайтилди. Ўша пайтга қадар олтин медаллар сони бўйича рекорд янгиланди.

2006 йил — Доҳа (Қатар): XV Осиё ўйинларида делегациямиз барқарорликни сақлаб қолди: 11 та олтин, 14 та кумуш ва 15 та бронза (жами 40 та медаль) билан умумжамоада 7-ўрин эгалланди. Эркин кураш ва академик эшкак эшиш вакиллари ҳисобни бойитди.
2010 йил — Гуанчжоу (Хитой): XVI Осиё ўйинларида медаллар сони бўйича ўсиш кузатилди – 11 та олтин, 22 та кумуш ва 23 та бронза, жами 56 та медаль (умумжамоада 8-ўрин). Кўплаб совринли ўринлар спортчиларимизнинг қитъада кенг қамровли рақобатга киришганини кўрсатди.

2014 йил — Инчеон (Жанубий Корея): XVII Осиё ўйинлари бироз пасайиш билан ёдда қолди: 9 та олтин, 14 та кумуш, 22 та бронза (жами 45 та медаль) ва умумжамоадаги 11-ўрин ўзбек спортида янги ислоҳотлар ва ўзгаришлар зарурлигини кўрсатиб қўйди.

2018 йил — Жакарта ва Палембанг (Индонезия): XVIII Осиё ўйинлари ҳақиқий бурилиш йили бўлди. Спортчиларимиз 21 та олтин, 24 та кумуш ва 25 та бронза – жами 70 та медални жамғариб, фахрли 5-ўринни эгаллади. Бу натижа миллий спортимиз қудрати янги босқичга кўтарилганидан далолат бериб, келгуси зафарлар учун пойдевор қўйди.
2022 йил — Ханчжоу (Хитой): XIX Осиё ўйинларида мутлақ рекорд янгиланди. Ҳамюртларимиз 22 та олтин, 18 та кумуш ва 31 та бронза – жами 71 та медални қўлга киритиб, яна 5-ўринни банд этди. Олтин ва умумий медаллар йиғиндиси бўйича мутлақ тарихий натижа қайд этилди.
2026 йил — Аичи-Нагоя (Япония): Орадан 32 йил ўтиб, яна Японияда ХХ Осиё ўйинлари бўлиб ўтди. Якунда делегациямиз ҳисобига 21 та олтин, 25 та кумуш ва 24 та бронза – жами 70 та медаль ёзилди. Умумжамоада яна кучли бешликдан жой олинди.

Шу тариқа, Ўзбекистон спортчилари 1994–2026 йиллардаги 9 та ёзги Осиё ўйинларида жами 485 та медаль — 127 та олтин, 163 та кумуш ва 195 та бронзага сазовор бўлди. Мамлакатимиз делегацияси ушбу даврда олти марта кучли ўнликдан жой олган бўлса, 1994, 2002, 2018, 2022 ва 2026 йилларда кучли бешликдан ўрин эгаллади.
2026 йилги “Аичи–Нагоя-2026” Осиё ўйинларида қўлга киритилган 21 та олтин медаль “Ханчжоу-2022” баҳсларидаги 22 та олтин медалдан бир донага кам. Бироқ, бу натижа спортчиларимиз салоҳияти пасайганини эмас, аксинча, Осиё қитъасида спорт рақобати тобора кучайиб бораётганини кўрсатади. Қолаверса, кумуш медаллар сонининг кўпайгани ҳам вакилларимизнинг кўплаб йўналишларда юқори ўринлар учун муносиб кураш олиб борганидан далолат беради. Бу эса Ўзбекистон спортчиларининг келгусидаги йирик мусобақаларда янада юксак натижалар қайд этиш учун мустаҳкам замин яратилганини кўрсатади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА