Ўзбекистонда ҳам ёш тадқиқотчилар авлодини тарбиялаш зарурияти бор
ФАН.2026 йил 6 октябрь куни Швеция Қироллик Фанлар академияси Физика бўйича Нобел мукофотини бельгиялик-америкалик олим Френсис Ҳалзенга топширишини эълон қилди.
Юксак мукофот IceCube Нейтрино обсерваториясига қўшган ҳал қилувчи ҳиссаси ва астрофизик манбаларга эга юқори энергияли нейтриноларни кашф этгани учун берилди. Бу хушхабар илмий ҳамжамият учун кутилмаган янгилик бўлмади, бироқ унинг ортида бутун жамият, хусусан, таълим тизими мулоҳаза қилиши лозим бўлган муҳим сабоқлар ётибди.
Нейтрино электр зарядига эга эмас ва модда билан деярли таъсирлашмайди, шу боис уни кўпинча «арвоҳ зарра» деб аташади. Бу хусусият ҳам имконият, ҳам жиддий қийинчилик туғдиради. Ёруғлик чанг, газ ва юлдузлараро муҳитда ютилиши ёки сочилиши мумкин, нейтрино эса ҳар қандай тўсиқдан деярли сезилмай ўтиб, коинотнинг энг узоқ ва шиддатли жараёнларидан бевосита хабар келтиради. Табиийки, уни қайд этиш ниҳоятда мураккаб. Олим Френсис Ҳалзен ва унинг ҳамкасблари ушбу муаммони ноанъанавий усул билан ҳал этди: детектор сифатида Антарктиданинг Жанубий қутбидаги музликдан фойдаланди. 86 та арқонсимон симлар (стринг) бўйлаб 1 450–2 450 метр чуқурликда жойлаштирилган 5 160 та рақамли оптик модуль нейтрино муз билан таъсирлашганда пайдо бўладиган кучсиз Черенков нурланишини илғаб олади. 2013 йилда IceCube юқори энергияли астрофизик нейтриноларнинг биринчи муҳим кузатув далилларини тақдим этган бўлса, бугунги кунда нейтрино астрономияси мустақил ва истиқболли соҳа сифатида шаклланди.
Гарчи 82 ёшли Френсис Ҳалзен мукофотни якка ўзи олган бўлса-да, IceCube аслида юзлаб олимлар, физиклар, муҳандислар, оптик сенсорлар бўйича мутахассислар, дастурчи ва статистикларнинг биргаликдаги меҳнати маҳсулидир. Детекторни барпо этиш муҳим, аммо ундан келаётган улкан маълумотлар оқимидан зарур сигнални ажратиб олиш, унинг энергияси ва йўналишини аниқлаш чуқур ҳисоблаш ва статистик таҳлилни талаб этади. Бу замонавий физика эндиликда нафақат қуруқ формула ва лаборатория столи, балки фанлараро интеграция эканини кўрсатади.
Шу ўринда табиий савол туғилади: биз аудиторияларимизда талабаларга замонавий физикани қандай етказяпмиз? Афсуски, кўп ҳолларда мавзулар бир-биридан ажратилган ҳолда ўқитилади: оптика, ядро физикаси, статистика ва дастурлаш алоҳида йўналиш сифатида қолиб кетмоқда. IceCube тажрибаси эса бутун занжирни — нейтринодан тортиб космик манбани аниқлашгача бўлган жараённи ягона мантиқий тизимга бирлаштиради. Талабага тайёр формулани ёдлатишдан кўра, реал илмий муаммони қўйиш ва ечим излашга ўргатиш уларда тадқиқотчилик, рақамли ва математик кўникмаларни ривожлантиради.
Шу сабабли олий таълим тизимида космик зарралар физикаси, астрофизика ва нейтрино физикаси бўйича замонавий мавзуларни ўқув дастурларига киритиш, рақамли моделлаштириш ва статистик таҳлилни физика курсларининг таркибий қисмига айлантириш давр талабидир. Шунингдек, реал илмий муаммоларга асосланган топшириқлар тайёрлаш ҳамда физика, информатика ва муҳандислик йўналишлари ўртасида фанлараро ҳамкорликни кучайтириш лозим.
IceCube Upgrade ва IceCube-Gen2 каби лойиҳалар нейтрино астрономияси имкониятларини янада кенгайтириши кутилмоқда. 2026 йилги Нобел мукофоти бизга ноёб ғоя, сабр ва жамоавий меҳнат энг мураккаб тўсиқларни ҳам енгиши мумкинлигини яна бир бор эслатди. Антарктида музидаги «телескоп» коинотни ўрганишда янги даврни очди. Эндиги вазифа — ушбу замонавий фан ютуқларини юртимиз дарсхоналарига фаол олиб кириш ва ёш тадқиқотчилар авлодини тарбиялашдан иборат.
Эркин ХЎЖАНОВ,
Ўзбекистон миллий педагогика университети
Физика кафедраси мудири, профессор.
Холидахон ТАЖИБОЕВА,
Ўзбекистон миллий педагогика университети
Физика кафедраси доценти.