Ҳоким дарахт экиш акциясида иштирок этди
Яккасарой туманида шаҳарни кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари янги босқичга чиқмоқда. Туман ҳокими бошчилигида Шота Руставели кўчасида бошланган ўзгаришлар ҳудудга қандай янги қиёфа бағишлайди?
Яккасарой туманида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шаҳарни янада кўкаламзор ва обод масканга айлантиришга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.
Туман ҳокими Нилуфар Аллабергенова тумандаги Шота Руставели кўчаси ҳудудида кўкаламзорлаштириш тадбирида иштирок этди.
Мазкур амалий тадбир мамлакатимиз бўйлаб амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Лойиҳа доирасида туман ҳудудларида кўплаб манзарали ва соя-салқин дарахтлар экилиб, шаҳар муҳитини янада яшил ва соф ҳолга келтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўрганиш давомида кўчадаги санитария-тозалаш ишлари, пиёдалар йўлакларини тартибга келтириш, яшил ҳудудларни парваришлаш ҳамда ҳудуднинг умумий эстетик қиёфасини янада яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар кўздан кечирилди.
Шунингдек, Шота Руставели кўчасининг кўркамлигини янада ошириш мақсадида ҳудудга иқлим шароитига мос, чидамли ва узоқ муддат ўз жозибасини сақлайдиган гуллар экиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳоким мутасаддиларга ободонлаштириш ишларини сифатли ташкил этиш, яшил ҳудудларни кўпайтириш ҳамда кўчада аҳолига қулай, озода ва чиройли муҳит яратиш бўйича тегишли топшириқлар берди.
Шербек Исломов,
ЎзА