Республика онкология маркази: Тошкент шаҳри беморлари учун бепул хизмат тугатилгани йўқ
Ижтимоий тармоқларда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида Тошкент шаҳри беморлари учун бепул хизмат тугатилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Ушбу ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирилиб, қуйидагилар маълум қилинди:
“Аввало, бу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида бепул хизмат тугатилгани йўқ, балки фақат беморни йўналтириш тартиби ўзгарди.
Яъни аввал пойтахтда яшовчи беморлар ушбу марказнинг шаҳар филиалига қоғоз шаклидаги йўлланма билан келар эди. Энди эса улар Ўзбекистоннинг бошқа барча ҳудудларидаги каби DMED тизими орқали электрон йўлланма асосида муассасага йўналтирилмоқда.
Бунда бемор маршрути қуйидаги тартибда амалга оширилади:
Бемор аввало, оилавий поликлиникага мурожаат қилади. У ерда қон таҳлили, рентген, УТТ (бепул) текширувларидан ўтади.
Туман (шаҳар) онкологи кўригидан ўтиб, аниқлаштирувчи текширувлар амалга оширилади.
DMEDтизими орқали электрон йўлланма шакллантирилади.
Онкология марказида йўлланма тасдиқланади. Шундан сўнг бепул кўрик, контрактли МСКТ/МРТ, ПЕТ-КТ, гистология, ИГХ ҳамда бепул даволаш (химиотерапия, нур терапияси, жарроҳлик амалиётлари) ўтказилади.
Нима сабабдан тартиб ўзгартирилди?
Гап шундаки, аввалги тартиб бўйича аксарият беморлар DMED орқали фақат 027-шакл билан, оилавий ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда зарур текширувлардан ўтмасдан марказга юборилган.
Натижада марказ поликлиникаси ортиқча юклама билан ишлаб, ҳудудда бажарилиши лозим бўлган текширувларни ҳам Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси маблағлари ҳисобидан муассасада ўтказишга тўғри келган.
Бу ҳолат юқори технологик ёрдамга мўлжалланган маблағ бирламчи текширувларга сарфланганига сабаб бўлган. Тошкент шаҳридан мурожаат қилаётган беморларни ҳудудий ёки республика даражасида даволаш кераклигини аниқлаш қийинлашган.
Электрон йўлланмага ўтиш бу муаммоларни бартараф этмоқда. Яъни бемор текширувларни такрорламайди, маблағ ҳақиқатан юқори технологик ёрдамга йўналтирилади. Ҳар бир беморнинг маршрути эса электрон тизимда шаффоф кўринади.
Муҳими, йўлланма билан қабул қилинган бемордан диагностика, даволаш, дори ва сарф материаллари учун пул талаб қилиш, шунингдек уларни беморлар ҳисобидан сотиб олиш тақиқланган.
Хизмат фақат йўлланмасиз режали мурожаатда пуллик асосда кўрсатилади.
Шошилинч ёрдам эса доим йўлланмасиз ва бепул асосда амалга оширилади.
Ҳурматли фуқаролар, йўлланма билан келганингизда, бемордан пул ёки дори сотиб олиш ҳолатлари кузатилса, марказнинг 1303 қисқа рақамли "Ишонч телефони"га қўнғироқ қилинг. Ҳар бир мурожаат ўз вақтида кўриб чиқилади”, дейилади Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази билдирган расмий муносабатда.
Моҳигул Қосимова, ЎзА