Ўзбекистон – “CPHI Milan-2026” кўргазмасида
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси фармацевтика соҳасидаги энг йирик халқаро кўргазмалардан бири – "CPHI Milan 2026" да иштирок этмоқда.
Агентлик матбуот хизматининг хабар беришича, кўргазманинг биринчи кунида "Merck", "Lupin Healthcare", "Syngene" каби йирик халқаро компаниялар ҳамда кўплаб соҳа вакиллари билан қатор учрашув ва музокаралар ўтказилди.

Мулоқотларда инвестиция, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, технологиялар трансфери ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон фармацевтика саноатининг салоҳияти ва янги ҳамкорлик имкониятлари тақдим этилди.
Италиянинг Милан шаҳрида ўтказилаётган "CPHI Milan-2026" доирасидаги учрашувлар Ўзбекистон фармацевтика саноатининг халқаро алоқаларини кенгайтириш, янги инвестициявий лойиҳаларни шакллантириш ва жаҳон бозоридаги иштирокини кучайтириш учун муҳим мулоқот майдони бўлмоқда.

Дарвоқе, “Made in Uzbekistan” миллий стендида 15 га яқин маҳаллий фармацевтика компанияси ўз маҳсулот ва имкониятларини намойиш этмоқда.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА