Ўзбекистонда 390 та насос станциясига янги ном берилди
Сув хўжалиги тизимида насос станциялари сув ресурсларини қишлоқ хўжалиги ерларига етказиб беришда муҳим ўрин тутади.
Ушбу соҳадаги инфратузилма объектларининг номларини давлат тили меъёрларига мувофиқлаштириш эса миллий тилнинг нуфузини ошириш, жой номларини тартибга солиш ва расмий иш юритишда ягона ёндашувни таъминлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти масъул ходими Учқун Маҳмудов ЎзА мухбирига берган интервьюсида насос станциялари номларини давлат тили меъёрларига мувофиқлаштиришнинг аҳамияти ва бу борада амалга оширилган ишлар ҳақида сўз юритди:
—Маълумки, ўзбек тилининг қадр-қимматини ошириш, унинг давлат бошқаруви ва иш юритишдаги мавқеини мустаҳкамлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, географик объектлар номларини давлат тили қоидалари ва меъёрларига мувофиқлаштириш муҳим аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан, Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 22 октябрдаги 587-сон қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорга мувофиқ, Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги 1 минг 348 та насос станциясининг номи давлат тили қоидалари ва меъёрларига мослаштирилди. Шунингдек, 390 та насос станциясига янги ном берилди.
Қарор "Давлат тили ҳақида"ги ҳамда "Географик объектларнинг номлари тўғрисида"ги қонунлар асосида қабул қилинган. Унинг асосий мақсади насос станцияларининг номларини давлат тили талабларига мувофиқлаштириш, уларни расмий ҳужжатлар ва кундалик иш юритишда бир хил қўллашни таъминлашдан иборат.
Қайта номланган объектлар орасида "Перекачка", "Авангард", "Волчи", "Учхоз" ва "Шитовой" каби номлар билан юритилган насос станциялари ҳам бор. Эндиликда уларнинг номлари ўзбек тили меъёрлари ва ҳудудларнинг жой номларига мослаштирилди.
Жумладан, Тошкент вилоятининг Бекобод туманидаги "Перекачка-1" ва "Перекачка-2" насос станциялари "Бекобод" ва "Бекобод-2", "Авангард" станцияси "Олтин водий", "Волчи" эса "Тўқайзор" деб номланди.
Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги "Учхоз" насос станциясига "Бозорбоши" номи берилди. "Сигма-1к." ва "Сигма-2к." станциялари эса "Равот" ва "Равот-2" деб қайта номланди.
Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли туманидаги "Шитовой" насос станцияси "Оққум", "Ферма" - "Узумбоғ", "Дача" эса "Халқобод" деб номланди.
Шунингдек, ҳарф ва рақамлар бирикмаси билан аталган айрим станцияларнинг номлари ҳам ўзгартирилди. Масалан, Қашқадарё вилоятининг Косон туманидаги "М-4-М-4а" насос станциясига "Турон", Нишон туманидаги "М-1" станциясига эса "Гулистон" номи берилди.
Қарорга кўра, тасдиқланган номлар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, иш юритиш ҳужжатлари ва хизмат ёзишмаларида қўлланилади. Сув хўжалиги вазирлиги Кадастр агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда тегишли ҳужжатлар ва маълумотлар базаларига ўзгартишлар киритилишини таъминлайди.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан ҳамкорликда насос станцияларидаги пешлавҳа ва ахборот кўрсаткичларидаги ёзувлар ҳам давлат тили меъёрларига мувофиқлаштирилади. Улар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида расмийлаштирилади.
Умуман олганда, амалга оширилаётган ислоҳотлар давлат тилининг нафақат расмий ҳужжатларда, балки кундалик ҳаётимизда ҳам тўлақонли қўлланилишини таъминлашга қаратилган. Бундай ишлар миллий ўзлигимизни ифодаловчи тил бойлигини асраб-авайлаш, унинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш ва келгуси авлодларга соф ҳолда етказишга хизмат қилади.
Давлат тили меъёрларига риоя қилиш ҳар бир соҳадаги масъулиятли вазифалардан бири бўлиб, бу борадаги изчил саъй-ҳаракатлар ўзбек тилининг нуфузини янада юксалтиришга замин яратади.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.