Сайёр қабул: аҳоли мурожаатларига эътибор қаратилди
Аҳоли мурожаатларини кўриб чиқиш, уларнинг муаммоларига ечим топиш ва фуқаролар билан очиқ мулоқотни таъминлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу муносабат билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан Шаҳрисабз шаҳрида сайёр қабул ташкил этилди.
Мурожаатлар асосан ногиронликни белгилаш, кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам ажратиш, муҳтож шахсларни реабилитация қилишнинг техник воситалари ва протез-ортопедия буюмлари билан таъминлаш ҳамда санаторийларга йўлланма олиш каби йўналишларда бўлди. Қабул давомида фуқаролар томонидан ижтимоий ҳимоя соҳасига оид 27 та мурожаат кўриб чиқилди. Мурожаатларнинг қарийб 10 таси ижобий ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш ва муддат талаб этадиган масалалар юзасидан масъул ижрочилар белгиланиб, уларнинг ижроси назоратга олинди.

- Ёшим 60 да. Соғлиғим яхши эмаслиги туфайли даволанишга ордер олиш масаласида мурожаат қилдим, амалий ёрдам бериладиган бўлди, - дейди Марҳамат Баҳодирова. - Бу каби сайёр қабулларнинг ўтказилиши одамларга анча ёрдам бўляпти. Президентимизга раҳмат, чунки биз каби фуқароларга жуда катта имконият яратиб берганмоқда.

Ўтказилаётган сайёр қабуллар аҳолини қийнаётган масалаларни жойига чиққан ҳолда ўрганиш, тезкор ҳал этиш ҳамда фуқаролар билан самарали мулоқотни йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири