Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатларининг янги босқичи
Бугунги халқаро муносабатлар тизимида давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик аввалгидан кўра кўпроқ стратегик мазмун касб этмоқда. Геосиёсий беқарорлик, транспорт йўлаклари қайта шаклланиши, энергия хавфсизлиги, савдо занжиридаги узилиш, минтақалараро боғлиқлик ортиб бориши ва халқаро иқтисодий рақобат давлатлардан ташқи сиёсатда аниқ манфаат, узоқ муддатли қараш ва амалий натижадорлик талаб қилмоқда.
Ана шундай шароитда Ўзбекистон ва Озарбайжон туркий дунё, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказни боғловчи стратегик кўприк сифатида янги мазмун билан намоён бўлмоқда.
ЎзА мухбири икки давлат ўртасидаги муносабат, халқларимиз ўртасидаги дўстлик риштаси хусусида Тошкент давлат шарқшунослик ҳузуридаги Шарқ мамлакатлари ривожланишини тадқиқ этиш илмий таҳлил маркази директори Адҳамжон Мамаджонов билан суҳбатлашди.
– Аввало давлатларимиз ўртасидаги муносабат тарихига қисқача тўхталсангиз.
– Ўзбекистон ва Озарбайжонни фақат дипломатик алоқа ёки иқтисодий манфаат эмас, балки чуқур тарихий илдиз, муштарак маданият, тил ва маънавиятдаги яқинлик, туркий цивилизацияга мансублик, ўзаро ҳурмат ва биродарлик ришталари ҳам бирлаштириб туради. Тошкент ва Боку ўртасидаги бугунги мулоқот ана шу тарихий яқинликни замонавий стратегик шериклик, иқтисодий кооперация, транспорт-логистика боғлиқлиги ва маданий-гуманитар алмашинув билан уйғунлаштирмоқда.
Бугунги босқичнинг энг муҳим хусусияти Ўзбекистон – Озарбайжон муносабати оддий дўстлик ва ҳамкорлик даражасидан стратегик шериклик ҳамда иттифоқчилик даражасига кўтарилганида намоён бўлади. Жумладан, икки мамлакат ўртасида 2022 йил 21 июнда Тошкентда “Стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида”ги декларация, 2023 йил 22 августда Бокуда Олий давлатлараро кенгаш тузиш тўғрисидаги шартнома, 2024 йил 23 августда Тошкентда Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзоланди. Бу ҳужжатлар икки томонлама муносабатнинг ҳуқуқий-сиёсий пойдеворини янги даражага олиб чиқди.
Бу босқичда сиёсий мулоқот ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Илҳом Алиев ўртасидаги мунтазам учрашувлар, олий даражадаги ташрифлар, телефон мулоқотлари ҳамда халқаро платформалардаги ҳамкорлик икки мамлакат алоқаларини тизимли ва натижадор шаклга келтирди.
2024 йил 23 август куни Тошкентда Президентлар Давлатлараро олий кенгашнинг биринчи мажлисини ўтказдилар. 2025 йил 2 июль куни Боку шаҳридаги “Загулба” қароргоҳида Кенгашнинг иккинчи йиғилиши ўтказилди.
– Бугунги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабати қандай сиёсий манзара касб этади?
– Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатларида стратегик шериклик тушунчаси кенг мазмунга эга. Яъни, икки давлатнинг халқаро майдондаги позициясини мувофиқлаштириш, минтақавий хавфсизлик, транспорт боғлиқлиги, туркий дунё доирасидаги ҳамкорлик, иқтисодий кооперация ва гуманитар алоқалар ягона стратегик кун тартибига бирлаштирилган.
Мамлакатлар нафақат ўзаро, балки ТДТ, ИҲТ, БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби тузилмалар доирасида фаол ҳамкор ҳисобланади.
Жорий йил бошидан товар айирбошлаш 40 фоиз ошган. Қурилиш, энергетика, тоғ-кон саноати, геология, логистика, туризм соҳаларида кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Бу рақамлар сиёсий ишонч иқтисодий натижага айланаётганини яққол кўрсатади. Шунингдек, Ўзбекистон – Озарбайжон иттифоқчилиги фақат расмий мақом эмас, балки реал иқтисодий ва институционал мазмун билан бойиб бораётган жараён эканини тасдиқлайди.
– Мамлакатларнинг иқтисодий салоҳияти ва ҳамкорлик истиқболини қандай баҳолайсиз?
– Ўзбекистон ва Озарбайжон иқтисодиёти бир-бирини тўлдирувчи хусусиятга эга. Ўзбекистон саноат, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, автомобилсозлик, озиқ-овқат, кимё ва фармацевтика соҳаларида кенг салоҳиятга эга, Озарбайжон эса энергетика, логистика, нефть-газ, транспорт инфратузилмаси, молия ва Каспий денгизи орқали транзит имконияти билан ажралиб туради. Шу жиҳатдан савдо-иқтисодий алоқа Марказий Осиё ва Жанубий Кавказни боғловчи геоиқтисодий занжир сифатида шаклланмоқда.
2017-2024 йиллари товар айирбошлаш қиймати 32,4 миллион доллардан 253,5 миллион долларга кўтарилган. 2024 йил савдо миқдори 7,3 фоиз ўсган: Ўзбекистон экспорти 208,1 миллион доллар, импорт 45,4 миллион доллар. 2025 йил январь-май ойларида эса ўзаро савдо кўрсаткичи 90,5 миллион долларни ташкил этиб, 25,2 фоиз ошган: экспорт 80,9 миллион доллар, импорт 18,5 миллион доллар. Кўриниб турибдики, иқтисодий ҳамкорлик имконияти кенгайиб, қамров ва ҳажм тобора ортмоқда.
Қолаверса, икки давлат раҳбарлари маҳсулот ва хизмат айланмасини 2030 йилга қадар 1 миллиард долларга етказиш вазифасини белгилаган. 2025 йил Боку музокаралари якунида айни мақсадга қаратилган махсус дастур қабул қилинган.
– Маълумки, Ўзбекистон денгиз савдо йўлига эга эмас. Фикрингизча, Озарбайжон транспорт-логистика жиҳатидан мазкур камчиликни тўлдириш имкониятини ярата оладими?
– Ўзбекистон – Озарбайжон муносабати истиқболида транспорт-логистика тизими ҳал қилувчи ўрин тутади. Ўзбекистон денгизга бевосита чиқиш имконига эга бўлмаган давлат сифатида халқаро транспорт йўлакларини диверсификация қилишга жиддий эътибор қаратмоқда. Озарбайжон эса Каспий денгизи бўйидаги стратегик жойлашуви, Боку порти, темир йўл ва мультимодал транспорт инфратузилмаси билан Ўзбекистон учун Жанубий Кавказ, Туркия ва Европа бозорига чиқиш йўлида муҳим шерикдир.
Бу хусусда 2024 йилги Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи мажлисида транспорт-коммуникация, энергетика ва инфратузилмавий лойиҳалар орқали ўзаро боғлиқликни кучайтириш зарурлиги таъкидланган. Томонлар ҳаво қатнови сонини ошириш, ер усти ва ҳаво транспорти бўйича тартиб-таомилни енгиллаштириш ҳамда жараёнга рақамли ечимлар жорий этишга келишиб олган.
2025 йил Боку музокарасида ҳам транспорт-коммуникация соҳасидаги шерикликка алоҳида эътибор қаратилди. Ўрта йўлакни ривожлантиришда иштирок этиш лойиҳалари муҳокама қилинди. Қайд этиш жоиз, ҳозиргача ушбу йўлак орқали ташилаётган Ўзбекистон юки ҳажми ўтган йилга нисбатан 25 фоиз ошиб, 1 миллион тоннага етган.
Ўрта йўлак фақат транспорт йўналиши эмас, балки Марказий Осиё, Жанубий Кавказ, Туркия ва Европани боғловчи стратегик артериядир. Ўзбекистон учун бу йўлак экспорт географиясини кенгайтириш, логистика хавфсизлигини ошириш, етказиб бериш муддатини қисқартириш ва халқаро бозорларга муқобил чиқиш имконини беради. Озарбайжон учун эса Ўзбекистон билан ҳамкорлик Каспий орқали Шарқ – Ғарб савдо оқимини кенгайтириш, Боку порти ва транспорт инфратузилмасининг минтақавий аҳамиятини ошириш имконини беради.
– Ўзбекистон ва Озарбайжон алоқаларининг маданий йўналишига ҳам тўхталсангиз.
– Бугун маданий дипломатия доирасидаги алоқалар давлатлар ўртасида ҳақиқий кўприк ва мустаҳкам ишонч вазифасини бажараётгани сир эмас. Шу нуқтаи назардан халқларимизни Алишер Навоий ва Низомий Ганжавий мероси, туркий адабиёт, мусиқа, санъат, анъана ва қадриятлар бирлаштириб туради. Бинобарин, маданий-гуманитар алоқа муносабатларнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Президентлар фармонлари билан таниқли маданият арбоблари Фаррух Зокиров ва Пўлат Булбул ўғлига икки мамлакат “Халқ артисти” фахрий унвонлари берилгани маданий яқинликнинг рамзий ифодасидир.
Келгусида маданият кунлари, қўшма кино ва театр лойиҳалари, адабий таржималар, ёшлар фестиваллари, университетлараро илмий форумлар, медиа-форумлар ва туризм дастурларини янада кенгайтириш мақсадга мувофиқ. Зеро, маданий дипломатия сиёсий ишонч ва иқтисодий ҳамкорликка мустаҳкам ижтимоий асос яратади.
Хуллас, Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатларининг янги саҳифалари нафақат икки давлат манфаатига, балки Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги минтақалараро боғлиқликни мустаҳкамлаш, туркий дунё ҳамкорлигини ривожлантириш ва Евросиё транспорт-иқтисодий маконида янги имкониятлар яратишга хизмат қилади. Бу эса икки қардош халқ фаровонлиги, минтақавий барқарорлик ва умумий тараққиёт йўлида муҳим тарихий имкониятдир.
Гўзал Сатторова суҳбатлашди.