“Янгийўл” тажрибаси: ҳудудларда энергетика тармоқлари босқичма-босқич янгиланмоқда
Айни кунларда Президентимиз топшириғи ижроси доирасида мамлакат ҳудудларида электр ва газ таъминоти барқарорлигини таъминлаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Айниқса, “Янгийўл” тажрибаси асосида ҳар бир ҳудудда муаммоларни манзилли аниқлаш, эскирган инфратузилмани янгилаш ва энергия таъминоти сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратиляпти.
Урганч туманида “Янгийўл” тажрибаси
Хоразм вилоятининг Урганч туманида ёқилғи-энергетика соҳасини ривожлантириш ва энергия таъминоти барқарорлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёқилғи-энергетика масалалари бўйича маслаҳатчиси Беҳзод Норматов, энергетика вазири Шерзод Хўжаев, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раиси Сардор Исақулов ҳамда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ бошқарув раиси Маъруфхон Хўжаев каби масъуллардан иборат ишчи гуруҳ Урганч туманида “Янгийўл” тажрибаси асосида олиб борилаётган ишлар билан танишди.

Ташриф давомида амалга оширилган ишлар ва келгусида бажарилиши режалаштирилган вазифалар тақдимоти ўтказилди. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ҳамда “Ҳудудгазмаъминот” АЖ томонидан туманда Президент топшириқлари ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари муҳокама қилинди.
Электр ва газ тармоқларининг техник ҳолатини чуқур ўрганиш, мавжуд муаммоларни малакали муҳандислар ҳамда назорат органлари вакиллари иштирокида манзилли таҳлил қилиш, аниқланган камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.
Куз-қиш мавсумини барқарор ўтказиш мақсадида муаммоли электр тармоқлари ва ускуналарини янгилаш, эскирган инфратузилмани модернизация қилиш, энергия йўқотишларини камайтириш ва авариявий узилишларнинг асосий сабабларини бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатобод туманида электр тармоқлари янгиланиб, янги трансформаторлар ўрнатилмоқда
Наманган вилоятининг Давлатобод тумани электр таъминотини яхшилаш борасида намунавий ҳудуд сифатида белгиланган. Туманда аҳолини сифатли ва барқарор электр энергияси билан таъминлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунга қадар тумандаги 28 та маҳалла ҳудудида мавжуд электр тармоқлари ва трансформатор пунктлари тўлиқ кўрикдан ўтказилди. Аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти.
Жумладан, трансформатор пунктлари мукаммал ва жорий таъмирланяпти. Эскирган ҳаво электр тармоқлари қайта кўриб чиқилиб, зарур таъмирлаш ишлари бажарилмоқда.
Шунингдек, 20 та янги замонавий трансформатор ўрнатиш, янги электр тармоқларини тортиш ҳамда мавжуд тармоқларни модернизация қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Сирдарё туманида электр таъминоти яхшиланмоқда
Сирдарё вилоятида ҳам электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш ва мавжуд муаммоларни босқичма-босқич бартараф этишга қаратилган ишлар давом этмоқда.
Ишчи гуруҳ ҳудудда амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Ўрганиш давомида бажарилган ишлар ва келгусидаги режалар тақдимоти ўтказилиб, электр тармоқларини модернизация қилиш, мавжуд муаммоларни босқичма-босқич бартараф этиш ва истеъмолчиларни барқарор электр энергияси билан таъминлаш бўйича белгиланган вазифалар муҳокама қилинди.

“Янгийўл” тажрибаси асосида ҳудуддаги муаммоларни манзилли ўрганиш, уларни самарали ҳал этиш ва электр таъминоти ишончлилигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.
Ургут туманида электр таъминоти “маҳаллабай” тизим асосида ўрганилмоқда
Самарқанд вилоятининг Ургут туманида электр таъминоти билан боғлиқ масалаларни маҳаллалар кесимида ўрганиш ва мавжуд муаммоларни манзилли бартараф этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Электр таъминотини “маҳаллабай” тизим асосида ташкил этиш бўйича белгиланган вазифалар мазкур ишларнинг асосини ташкил этади.
Туманда ишчи гуруҳ иштирокида йиғилиш ўтказилиб, 116 та маҳаллада энергия истеъмоли балансини шакллантириш, электр тармоқлари ва ускуналарни хатловдан ўтказиш, ҳисоблагичлар алоқасини яхшилаш ҳамда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини бартараф этиш ишлари таҳлил қилинди.

Ишларни жадаллаштириш мақсадида ички ишлар органлари ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиали ходимларидан иборат ишчи гуруҳ тузилди. Айни пайтда 130 нафар профилактика инспектори ва 130 нафар электр тармоқлари ходими иштирокида 116 та маҳаллада тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Тизимли ёндашув – барқарор таъминот омили
Таъкидлаш керакки, Урганч, Давлатобод, Сирдарё ва Ургут туманларида олиб борилаётган ишлар “Янгийўл” тажрибасининг муҳим аҳамиятини яққол намоён этмоқда. Унинг асосий мазмуни ҳудудлардаги муаммоларни умумий тарзда эмас, балки ҳар бир маҳалла ва объект кесимида чуқур ўрганиш, аниқланган камчиликларни манзилли бартараф этиш, мавжуд инфратузилмани янгилаш ва энергетика тизимини самарали бошқаришга қаратилган комплекс ёндашувдан иборат.

Бундай ёндашув электр ва газ тармоқларининг техник ҳолатини яхшилаш, энергия йўқотишларини камайтириш, авариявий узилишларнинг олдини олиш ҳамда истеъмолчиларни барқарор ва сифатли энергия билан таъминлаш имконини кенгайтиради. Айниқса, муаммоларни олдиндан аниқлаш ва уларни тизимли ҳал этиш энергетика тармоқларининг ишончлилигини оширишга хизмат қилади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА