АзерТАЖ: Боку – Тошкент ҳамкорлиги минтақавий аҳамият касб этмоқда
Ўзбекистон – Озарбайжон муносабатлари тарихий дўстлик ва қардошлик заминида сиёсий ишончдан стратегик ҳамда иқтисодий шерикликнинг янги босқичига кўтарилмоқда. Айниқса, 2024 йил Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзоланиши икки давлат ўртасидаги юксак сиёсий ишончнинг муҳим кўриниши бўлди.
Бу ҳақда сиёсий шарҳловчи Улвия Зулфиқор АзерТАЖга маълум қилди. Унинг таъкидлашича, томонлар ўзаро савдо айланмасини 2030 йилга қадар 1 миллиард долларга етказишни мақсад қилган. Низом жамғармаси 500 миллион долларни ташкил қилган Ўзбекистон-Озарбайжон Инвестиция компанияси эса қўшма лойиҳаларни молиялаштириш учун муҳим воситага айланмоқда.
Тошкентда ўтказилган Ҳудудлараро форумда юзлаб компаниялар вакиллари иштирок этгани икки мамлакат бизнес доираларининг ҳамкорликка қизиқиши юқори эканини кўрсатди. Тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, кимё, электротехника ва қурилиш материаллари соҳаларида қўшма корхоналар ташкил этиш, шунингдек учинчи мамлакатлар бозорига мўлжалланган маҳсулот ишлаб чиқариш учун кенг имконият мавжуд.
Транспорт-логистика йўналиши ҳам стратегик аҳамият касб этмоқда. 2025 йил ўзаро транзит ташуви миқдори 1,4 миллион тоннага етгани Ўрта йўлак имкониятидан фойдаланиш кўлами кенгайиб бораётганини кўрсатди. Зеро, Ўзбекистон маҳсулотларини Озарбайжонда қайта ишлаш ва қадоқлаш орқали Европа бозорига чиқариш икки мамлакат учун янги иқтисодий қиймат яратади.
Яшил энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ҳам муносабатга янги мазмун бермоқда. Ўзбекистон, Озарбайжон ва Қозоғистон ўртасида қайта тикланувчи энергияни ривожлантириш ва узатиш бўйича шаклланаётган ҳамкорлик Марказий Осиё яшил энергия салоҳиятини Озарбайжон орқали Европа бозорига чиқариш учун замин яратмоқда.
Сиёсий шарҳловчи фикрича, Озарбайжоннинг Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлиги янги шаклларда кенгайиши жараёнга қўшимча сиёсий мазмун бағишламоқда. Масалан, С5 форматига қўшилиш Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ алоқаларини янада тизимли, институционал тус олишига хизмат қилади.
Бугун Боку – Тошкент муносабати икки томонлама ҳамкорлик доирасидан чиқиб, минтақалар ўртасидаги иқтисодий ва сиёсий кўприкни мустаҳкамлаш омилига айланмоқда. Айни жараён туркий дунёдаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва минтақа геоиқтисодий салоҳиятини ошириш учун янги имконият очмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА