Ягона Ватан, ягона халқ — дўстлик ва ҳамжиҳатлик
Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги мамлакатимиз ҳаётида муҳим тарихий босқич сифатида кенг нишонланмоқда.
Бу қутлуғ сана нафақат ўтган йиллар сарҳисоби, балки халқимизни бирлаштириш, тинчлик, тотувлик ва дўстлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётган ташаббуслар билан ҳам аҳамиятли.
Шу кунларда Тошкентда ўтказилган “Uz Global Think” халқаро ватандошлар форумида 15 мамлакатдан келган 40 нафарга яқин ватандошимиз илм-фан, таълим, иқтисодиёт, инновация, технология ва маданият соҳаларидаги тажрибасини юртимиз тараққиётига йўналтириш масалаларини муҳокама қилди.

Мустақилликнинг муҳим таянчларидан яна бири — миллатлараро тотувлик ва яхши қўшничилик. Ўзбекистон ва Қирғизистон халқлари дўстлигига бағишланган давра суҳбатида икки халқни асрлар давомида бирлаштириб келаётган умумий тарих, маданият, урф-одат ва қадриятлар, бугунги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари ҳақида фикр алмашилди.

Бу эзгу муносабатлар фақат қўшни давлатлар билан эмас, хорижий халқлар ва мамлакатлар билан ҳам тобора кенгайиб бормоқда. Хусусан, Озарбайжон оммавий ахборот воситалари вакилларининг Самарқандга ташрифи икки халқ ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди. Меҳмонлар Имом Бухорий мажмуаси, “Боқий шаҳар”, “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети, Регистон майдони каби тарихий ва замонавий масканлар билан танишди.
Аслида, бу тадбирларни бирлаштириб турган умумий жиҳат бор. У ҳам бўлса, халқлар ўртасида дўстлик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлаш, Ватан тараққиётига барча имкониятларни сафарбар этишдир. Чунки дўстлик бор жойда ишонч, ишонч бор жойда ҳамкорлик ва тараққиёт бўлади.
Мустақилликнинг 35 йиллиги ана шу қадриятларни янада юксалтириш, Ўзбекистонни дўстлик, бағрикенглик ва ҳамкорлик макони сифатида намоён этиш учун муҳим имконият бўлмоқда.
Нигора Раҳмонова, ЎзА