Ўзбекистон ва Корея: парламентлараро ҳамкорлик янада кенгайтирилади
Ўзбекистон парламент делегациясининг Корея Республикасига ташрифи доирасида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Миллий Ассамблеянинг Маданият, спорт ва туризм қўмитаси раиси, “Корея - Ўзбекистон” парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи раиси Ким Гё Хон билан учрашди.
Унда Ўзбекистон ва Корея ўртасида парламентлараро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда олий даражада эришилган келишувларнинг амалий ижросини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Икки мамлакат ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари фаолияти изчил ривожланиб, парламент қўмиталари даражасида мулоқот ўтказиш ва ўзаро тажриба алмашиш имкониятлари кенгайиб бораётгани таъкидланди.
Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) кўмагида Олий Мажлис палаталарида амалга оширилаётган «Электрон парламент» лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур лойиҳа доирасида парламент фаолиятини рақамлаштириш, маҳаллий кенгашлар билан электрон ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда замонавий технологиялар, шу жумладан, сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш истиқболлари кўриб чиқилди.
Маданият, туризм ва спорт соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш, ҳудудлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш, ёш парламент аъзолари ўртасида тажриба алмашиш ва қўшма ташаббусларни илгари суриш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
2027 йилда икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 35 йиллиги ҳамда корейс диаспорасининг Ўзбекистонда истиқомат қилаётганига 90 йил тўлиши муносабати билан қўшма парламент тадбирларини ташкил этиш муҳимлиги қайд этилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА