Ўзбекистон ва Иордания: билим, тажриба ва маданият мулоқоти
Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги муносабат бугун фақат сиёсий ва иқтисодий алоқа билан чекланиб қолмаяпти. Айниқса, таълим, илм-фан ва маданият соҳаларидаги ҳамкорлик янги мазмун касб этмоқда. 2025 йил имзоланган келишувлар, 2026 йил ноябрь ойида Тошкентда ўтказилган ректорлар форуми икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар очди.
Айни жараённинг аҳамияти ва истиқболи ҳақида “Шарқшунос таҳлилчилар” интеллектуал клуби аъзоси Муслимахон Султоналиева билан суҳбатлашдик.
– Ўзбекистон ва Иордания ўртасида таълим, илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик ривожланишига қандай омиллар туртки беради?
– Икки мамлакат ўртасидаги муносабат 1993 йил дипломатик алоқа ўрнатилгандан кейин изчил ривожланмоқда. Дастлаб ҳамкорлик асосан сиёсий-иқтисодий йўналишда кечган бўлса, кейинги йилларда таълим, илм-фан ва маданият соҳалари ҳам муҳим ўрин эгаллай бошлади. Бу жараёнда икки халқни боғлаб турувчи тарихий ва маънавий яқинлик алоҳида аҳамият касб этади. Самарқанд ва Бухородаги қадимий илм-фан марказлари ислом цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган. Иордания ҳам тарихий, диний меросга бой. Айни умумийлик таълим ва илмий тадқиқот соҳасида тажриба алмашиш, маданий алоқани кенгайтириш учун замин яратган.
– 2025 йил Иордания Подшоҳининг Ўзбекистонга ташрифи ва 2026 йил ноябрь ойида ўтказилган ректорлар форумига тўхталсак?
– 2025 йил август ойида Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи икки томонлама муносабатнинг муҳим босқичи бўлди. Ташриф доирасида 15 ҳужжат имзоланди. Хусусан, олий таълим ва илмий тадқиқот ҳамкорлигига оид битим университетлар ўртасида бевосита алоқа ўрнатиш, қўшма тадқиқот олиб бориш ва мутахассис алмашинувини йўлга қўйиш имконини берди. 2026 йил 17-18 ноябрь кунлари Тошкентда ўтказилган, шу йўналишдаги ҳамкорликни амалий босқичга олиб чиққан Олий таълим ташкилотлари ректорлари биринчи форумида эса Иорданиянинг 16 университети ректорлари ва Ўзбекистоннинг 19 олий таълим муассасаси вакиллари иштирок этди. Хориж делегациясига Олий таълим ва илмий тадқиқот вазири, профессор Азмий Маҳофза бошчилик қилди. Анжуман доирасида ўзаро ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланиши муҳим натижа бўлди.
– Ҳамкорлик келгусида қайси йўналишлар бўйича кенгайиши мумкин?
– Аввало, университетлар ўртасидаги алоқани мунтазам давом эттириш муҳим. Бу талабалар алмашинуви, ўқитувчилар хориж олий таълим муассасаларида маъруза ўқиши, икки мамлакат олимлари қўшма илмий лойиҳаларда иштирок этиши шаклида намоён бўлади. Тиббиёт ва фармацевтика соҳаларида ҳам тажриба алмашиш, илмий изланишни бирлаштириш имкони бор. Шунингдек, тарихий меросни ўрганишга қаратилган илмий учрашув, маданият ҳафталиги, концерт ва кўргазма ташкил этиш халқларимиз ўртасидаги ўзаро англашувни мустаҳкамлайди. Муҳими, эришилган келишувлар қоғозда қолиб кетмаслиги, шу асосда аниқ дастур ва лойиҳалар амалга оширилиши лозим. Таълим ва илм-фан соҳасидаги мунтазам алоқалар икки мамлакат ҳамкорлигини мазмунан янада бойитади.
Мусулмон Зиё суҳбатлашди. ЎзА