Элдор Арипов Токиода экстремизмнинг олдини олиш бўйича Ўзбекистон ёндашувларини тақдим этди
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов 24–25 ноябрь кунлари «Маҳаллий ҳамжамиятлар барқарорлигини мустаҳкамлаш, профилактика ва минтақавий ҳамкорлик» мавзусидаги Ҳинд–Тинч океани минтақаси бўйича Токио мулоқотида иштирок этмоқда.
Тадбир Глобал ҳамкорлик ва барқарорлик халқаро фонди (GCERF) ҳамда Сасакава тинчлик жамғармаси томонидан Япония Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган.
Мулоқот GCERF Бошқарув кенгашининг 25-йиғилиши дастури доирасида ўтказилмоқда. Унда давлат органларининг юқори мартабали вакиллари, кенгаш аъзолари, жамғарма ҳамкорлари ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этмоқда.
Иштирокчилар зўравон экстремизмнинг олдини олиш соҳасидаги миллий тажриба билан ўртоқлашиб, Ҳинд–Тинч океани минтақасида ушбу йўналишдаги шерикликни кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилмоқда.
Тадбирда сўзга чиққан Э. Арипов экстремизм ва терроризм таҳдидларининг трансчегаравий хусусияти ҳамда доимий равишда ўзгариб бориши уларга қарши чораларни такомиллаштириш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашни талаб этишини таъкидлади.

Шу нуқтаи назардан, у Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Инсонларнинг жамиятдаги тўлақонли ҳаётга қайтишига кўмаклашиш чоралари иштирокчиларда алоҳида қизиқиш уйғотди. «Меҳр» инсонпарварлик операциялари доирасида 2019 йилдан буён Суриянинг шимоли-шарқий ҳудудларидан 530 нафардан зиёд Ўзбекистон фуқароси, асосан, аёллар ва болалар Ватанга қайтарилди.
Э. Арипов бошқа устувор йўналишлар қаторида миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш, таълим ва маърифатни ривожлантиришни қайд этди. У тинчлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик қадриятларини тарғиб этишда илмий-тадқиқот марказларининг ўрнини таъкидлади.
СМТИ раҳбарининг сўзларига кўра, Ўзбекистон миллий миқёсдаги чора-тадбирларни амалга ошириш билан бирга, минтақа мамлакатлари билан ҳамкорликка алоҳида аҳамият қаратмоқда. Шу муносабат билан 2024 йилда Ўзбекистон Президенти ташаббуси ва БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси кўмагида ташкил этилган Қайтганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш масалалари бўйича Минтақавий экспертлар кенгаши фаолияти тақдим этилди. Шунингдек, у иштирокчиларни давлатимиз раҳбарининг тажриба алмашиш ва самарали амалиётларни оммалаштириш мақсадида кенгашни Халқаро компетенциялар марказига айлантириш ҳақидаги таклифи билан таништирди.

Нутқда GCERF билан шерикликка алоҳида эътибор қаратилди. Э. Арипов таъкидлаганидек, 2024 йилда СМТИ ва жамғарма ўртасида меморандум имзоланганидан сўнг ҳамкорлик механизмлари ишлаб чиқилди. Бугунги кунда GCERF Ўзбекистондаги нодавлат ташкилотларнинг ижтимоий хизматларни кенгайтириш, бандлик ва тадбиркорликка кўмаклашиш, Ватанга қайтарилган фуқаролар, ёлғиз оналар ва мигрантлар оилаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган учта лойиҳасини молиялаштирмоқда.
Ёшларни интернетдаги экстремистик тарғиботдан ҳимоя қилиш масаласига тўхталиб, у рақамли барқарорлик медиамарказини ташкил этиш лойиҳаси ҳақида маълумот берди. Марказ фаолияти танқидий фикрлаш, медиасаводхонлик ва ижобий онлайн контент тайёрлаш кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилади.
ЎзА