Миллий бирлик мамлакатнинг халқаро нуфузини белгилайди
Бугун мамлакатимизда юздан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ ҳаёт кечирмоқда. Жамиятдаги миллатлараро тотувлик ва ўзаро ҳурмат муҳити нафақат ички барқарорликни мустаҳкамлайди, балки Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини шакллантиришда ҳам муҳим ўрин тутади.
Ички тотувлик, бирдамлик, ҳамжиҳатлик ва ҳамфикрлилик, ташқи сиёсатнинг мустаҳкам пойдевори. Ҳар қандай давлатнинг ташқи сиёсати ички сиёсатнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Агар жамиятда миллий низолар, ўзаро ишончсизлик ва бўлиниш кайфияти мавжуд бўлса, бундай давлат халқаро ҳамкорликда ишончли шерик бўла олмайди.
Ўзбекистон тажрибасида миллатлараро муносабатлар учта асосий тамойилга таянади, барча фуқароларнинг ҳуқуқий тенглигини таъминлаш, ҳар бир миллатнинг тили, маданияти ва анъаналарини ривожлантиришга шароит яратиш, шунингдек, жамиятда ўзаро ҳурмат ва ҳамкорлик руҳини қўллаб-қувватлаш. Республика ва маҳаллий даражада фаолият юритаётган миллий маданий марказлар, халқлар дўстлиги фестиваллари, кўп тилда олиб борилаётган таълим ва ахборот фаолияти мазкур тамойилларнинг амалий ифодасидир.
Миллатлараро тотувликнинг мустаҳкам илдизлари айнан маҳаллаларда шаклланади. Шу боис юртимизда маҳалла институтига алоҳида эътибор қаратилган. Бир ҳудудда турли миллат вакилларининг аҳил қўшни сифатида ҳашар, тўй-маърака ва байрамларда елкама-елка туриши ҳамжиҳатликнинг яққол намунасидир. Айнан шундай кундалик ҳаётий тажриба халқаро майдонда «Ўзбекистон – бағрикенглик макони» деган юксак эътирофни шакллантирмоқда.
Миллатлараро муносабатларнинг энг нозик жиҳатларидан бири тил масаласидир. Давлат тилининг мақоми мустаҳкам бўлиши билан бир қаторда, бошқа миллат ва элат вакилларининг ўз она тилида таълим олиши, ахборотдан фойдаланиши ва маданий ҳаётда фаол иштирок этиши ижтимоий барқарорликнинг муҳим шартидир. Бундай оқилона мувозанат фуқароларда давлатга нисбатан ишонч ва дахлдорлик ҳиссини кучайтиради. Маданий хилма-хиллик эса ташқи сиёсатда ҳам ўз ижобий самарасини беради.
Мутахассислар фикрича, миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат сиёсатининг самарадорлиги учта мезон билан баҳоланади. Булар, фуқаролар тенглигининг тўлиқ таъминланиши, маданий ўзига хосликни асраб-авайлаш имкониятининг мавжудлиги ҳамда ижтимоий-иқтисодий тараққиётда барча ҳудудларнинг тенг иштирокидир.
Бу бирдамликнинг тарихий илдизлари жуда чуқур. Иккинчи жаҳон уруши йилларида минглаб оилалар ва етим болалар бошпанасиз қолганида, ўзбек хонадонлари уларга ўз эшигини очиб, сўнгги луқмасини ҳам баҳам кўрган. Халқимизда «Бирлашган – ўзар, бирлашмаган – тўзар» деган пурмаъно ҳикмат бор. Геосиёсий кескинлик, мафкуравий таҳдидлар ва ахборот хуружлари кучайган бугунги шароитда мамлакат ичидаги жипслик энг ишончли қалқон бўлиб хизмат қилади. Бирлиги мустаҳкам юрт ташқи оламга ҳам ишонч билан боқади. Толерантлик Ўзбекистон учун четдан кириб келган янги тушунча эмас. У Буюк ипак йўли чорраҳасида, турли халқлар савдо қилган, илм алмашган ва бир-бирининг тилини ўрганган қадимий шаҳарларда асрлар давомида шаклланган ҳаёт тарзидир. Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент ва Фарғона заминида турли дин ҳамда маданият вакиллари азалдан ўзаро ҳурмат асосида яшаб келган.
Ташқи сиёсатнинг маънавий омили деганда, давлат ва жамият қадриятлари, тарихий хотира, маданий-цивилизацион мерос ва ахлоқий тамойилларнинг ташқи сиёсий қарорлар ҳамда халқаро нуфузга таъсири тушунилади. Бу омил уч йўналишда намоён бўлади, қадриятларга таянган асос, тарихий хотира ва мерос, шунингдек, халқаро жозибадорлик ва ишонч. Гарвард университети профессори Жозеф Най илгари сурган «юмшоқ куч» концепциясига кўра, давлат мажбурлаш эмас, балки жалб қилиш орқали ўз стратегик мақсадларига эришади. Бой маданият, маърифат, юксак ахлоқий қадриятлар ва тинч-тотув жамият қиёфаси айнан шундай жозибадорликнинг асосий манбаидир.
Минтақавий ўзаро боғлиқликни кучайтиришда маданий-гуманитар алоқалар алоҳида ўрин тутади. Қўшни давлатлар билан ўтказилаётган маданият кунлари, ижодкорлар учрашувлари, олий таълим муассасалари ўртасидаги академик алмашинувлар, қардош халқлар адабиёти ва санъатини ўзаро таржима қилиш бу борадаги энг самарали воситалардир. Улар сиёсий мулоқотга нисбатан секинроқ натижа берса-да, таъсири анча чуқур ва барқарор бўлади.
Ўзбекистон тарихан турли динлар ва цивилизациялар туташган чорраҳада шаклланган. Бу заминда ислом цивилизациясининг буюк алломалари етишиб чиқиши билан бирга, бошқа динларга эътиқод қилувчи жамоалар ҳам узоқ асрлар давомида ёнма-ён яшаб келган. Шу боис диний бағрикенглик ва виждон эркинлиги масаласи мамлакатимиз учун нафақат ички сиёсат устувори, балки халқаро майдондаги ижобий имижнинг муҳим таркибий қисми ҳамдир.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ёшлар ташқи сиёсатнинг келажакдаги асосий иштирокчилари бўлгани боис улар орасида миллатлараро тотувлик ва халқаро мулоқот маданиятини шакллантириш алоҳида аҳамият касб этади. Бугунги ёш авлод дунёни асосан ижтимоий тармоқлар орқали англамоқда. Бу ҳолат уларга бир томондан кенг билим ва мулоқот имкониятларини берса, иккинчи томондан, сохта ахборот ва манипуляциялар таъсирига тушиб қолиш хавфини юзага келтиради.
Шу нуқтаи назардан, талабалар алмашинуви, халқаро илмий анжуманлар, волонтёрлик ҳаракатлари, хорижий тилларни ўрганиш дастурлари ҳамда қардош халқлар ёшлари ўртасидаги қўшма ижодий лойиҳалар «ёшлар дипломатияси»нинг таъсирчан воситаларидир. Улар орқали ёшлар ўзга халқлар маданиятини яқиндан танийди, маданиятлараро мулоқот кўникмасини ўзлаштиради ва турли стереотипларни енгиб ўтади.
Маънавий омилнинг қудрати билан бир қаторда, унга таъсир этувчи заиф нуқталарни ҳам назардан қочирмаслик лозим. Глобаллашув шароитида ахборот майдонидаги айрим жараёнлар миллатлараро муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган асоссиз бўҳтонлар, миллий ва диний нафрат уйғотувчи материаллар, тарихий хотирани сохталаштиришга қаратилган уринишлар жамиятдаги тотувликка жиддий хавф солади.
Айниқса, ёшлар орасида ахборот гигиенаси маданиятини шакллантириш бугунги куннинг энг долзарб вазифасига айланган. Ўз вақтида маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний «Ҳифзи лисон» (тилни асраш) ҳақида ёзганида, сўз нафақат муомала воситаси, балки инсон ахлоқи ва жамият соғломлигининг мезони эканини алоҳида таъкидлаган эди.
Рақамли даврда бу улуғ ғоя янгича маъно касб этмоқда, сўзни, ахборотни ва мулоқот маданиятини асраш миллатлараро тотувликни ҳимоя қилишнинг ажралмас қисмидир. Шу билан бирга, экстремизм ва радикализмнинг турли кўринишлари, трансмиллий таҳдидлар маънавий иммунитетни доимий равишда мустаҳкамлаб боришни талаб этади. Зеро, миллатлараро муносабатлар ва ташқи сиёсатнинг маънавий омили бир-бирини тўлдирувчи, ўзаро чамбарчас боғлиқ жараёнлардир.
Эъзоза КАРИМОВА,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
раҳбарининг биринчи ўринбосари.
ЎзА