Тошкент форуми: Ипак йўли руҳи, жаҳон туризми ва янги сармоялар
45 дан ортиқ мамлакат, 600 дан зиёд хорижий компания ва 20 га яқин халқаро ташкилот вакиллари иштирокидаги тадбирлар Ўзбекистоннинг туристик ва инвестиция салоҳиятини намоён этади.
25-27 ноябрь кунлари “CAEx Uzbekistan” кўргазмалар мажмуасида “Ипак йўлида туризм” 31-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси ҳамда биринчи Халқаро туризм инвестиция форуми бўлиб ўтади. Уч кун давомида халқаро туризм бозори вакиллари иштирокида янги ҳамкорлик алоқалари, инвестиция лойиҳалари ва соҳани ривожлантириш истиқболи муҳокама қилинади.
Ўттиз йилдан ортиқ тарихга эга ярмаркада Беларусь, Германия, Грузия, Ҳиндистон, Италия, Малайзия, Озарбайжон, Россия, Туркия, Хитой, Вьетнам ва бошқа мамлакатлар иштирок этади. Миллий павильонларда маданий-тарихий мерос, тоғ ва денгиз туризми, гастрономик саёҳат ҳамда янги туристик маҳсулотлар тақдим этилади.
Ўзбекистон номидан мамлакатимизнинг барча 14 ҳудуди ўз имкониятини намойиш қилади. Тарихий шаҳарлар, табиий масканлар, ҳунармандлик, миллий гастрономия ва соғломлаштириш туризми хорижий меҳмонлар эътиборига ҳавола этилади.
Бу йилги тадбирнинг муҳим янгилиги – биринчи Халқаро туризм инвестиция форумида давлат идоралари, халқаро молия институтлари, инвестиция компаниялари ва меҳмонхона бизнеси вакиллари туризм инфратузилмасига сармоя жалб қилиш масаласини муҳокама қилади.
Мамлакатдаги сайёҳлар оқими ўсиши айни йўналишдаги имкониятни кенгайтирмоқда. 2026 йил январь-октябрь ойларида диёримизга 11,6 миллион хорижий сайёҳ келган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19 фоиз кўп. Туризм хизмати экспорти 49 фоиз ўсиб, 6,1 миллиард доллар даромад келган.
Айни пайт мамлакатда “Hilton”, “Hyatt”, “Marriott”, “Wyndham”, “Radisson”, “Accor” каби халқаро тармоққа тегишли 31 бренд фаолият юритмоқда. Янги меҳмонхоналар қурилиши учун субсидия, солиқ имтиёзи ва қулай молиялаштириш механизми таклиф этилмоқда. Шунингдек, 2026-2028 йилларда туристик ҳудудлар ва жойлаштириш воситаларини ташкил этиш учун 5 000 гектар ер майдонини электрон аукционга чиқариш режалаштирилган.
Ярмарка доирасида “Global Media Campus” ва “Smart Destination Hackathon” ташкил этилиб, халқаро туризмни оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб қилиш ва рақамли коммуникация, туризм соҳаси учун технологик ечимлар муҳокама қилинади. Хакатоннинг мукофот жамғармаси 150 миллион сўм.
Анжуманнинг халқаро аҳамиятини янада оширадиган воқеа 27 ноябрь куни БМТ Туризм ташкилоти билан ҳамкорликда “2027 йил – Халқаро барқарор ва бардошли туризм йили” ташаббусининг расмий очилиш маросимидир.
Мамлакатимиз ташаббуси билан илгари сурилган мазкур муҳим йилни эълон қилиш тўғрисидаги резолюция 2024 йил 26 февраль куни БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 80 дан ортиқ давлат ҳаммуаллифлигида қабул қилинган. Маросим доирасида барқарор ва бардошли туризм соҳасидаги халқаро ҳамкорлик устуворлигини белгилайдиган Тошкент декларацияси тасдиқланиши ҳам режалаштирилган.
Хуллас, уч кунлик тадбирлар туризм соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, янги инвестиция жалб этиш ва республикамизнинг жаҳон сайёҳлик бозоридаги имкониятини кенг тарғиб қилиш учун муҳим майдон вазифасини ўташи шубҳасиз.
Мусулмон Зиё
ЎзА