Ўзбекистон транспорт соҳаси: Модернизация, кенгайиш ва юқори натижалар
Янги Ўзбекистон замонавий транспорт инфратузилмасини жадал ривожлантирмоқда. Аэропортлар, тезюрар поездлар, метро тармоқлари: бу ислоҳотлар халқ ҳаёти ва тараққиётига қандай таъсир кўрсатмоқда?
Бугун юртимизда барпо этилаётган замонавий аэропортлар, юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар, кенгайиб бораётган метро тармоқлари ва такомиллаштирилаётган автомобиль йўллари янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим кўрсаткичларига айланмоқда. Бироқ, ҳар қандай ислоҳотнинг ҳақиқий самараси фақат қурилган иншоотлар ёки яратилган имкониятлар билан эмас, балки уларнинг қонунийлиги, хавфсизлиги ва халқ манфаатларига хизмат қилиши билан белгиланади.
Маълумотларга кўра, мамлакатимиз хизматлар соҳасида транспорт тармоғининг улуши 11 фоизни ташкил этади. Авиация бозорининг эркинлаштирилиши ва хусусий секторнинг соҳага кириб келиши натижасида резидент авиакомпаниялар сони 3 тадан 16 тага, ҳаво кемалари сони эса 54 тадан 107 тага етказилди. Сўнгги уч йилда авиайўналишлар сони 78 тадан 206 тага, авиақатновлар сони 64 мингтадан 130 мингтага, йўловчилар сони эса 8 миллион нафардан 15,5 миллион (ўн беш миллион беш юз минг) нафарга етказилган. Бу кўрсаткичлар авиация хизматларига бўлган талаб ортиб бораётгани ва мамлакатимизнинг транспорт имкониятлари кенгаяётганини кўрсатади.
2025 йилда электрлаштирилган темир йўллар улуши 53,2 фоизни ташкил этди. Замонавий қурилмалар ва энергия тежамкор технологияларни жорий этиш натижасида эксплуатация харажатларини 30 фоизга камайтиришга эришилди. Бу нафақат иқтисодий самарадорликни ошириш, балки атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш нуқтаи назаридан ҳам муҳимдир. Темир йўл инфратузилмасини модернизация қилиш доирасида таъмирлаш ишлари ҳам изчил давом эттирилмоқда.
Айни пайтда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига қарашли 215 та станция ва 55 та разъезд мавжуд. 2025 йилда 5 та янги станция қурилиб, фойдаланишга топширилди. Республика бўйича 33 та темир йўл вокзали фаолият юритмоқда. Вокзаллар инфратузилмасини такомиллаштириш орқали йўловчилар учун қулай ва хавфсиз муҳит яратиш ишлари давом этмоқда.
Транспорт соҳасидаги тараққиётни фақат янги йўллар билан эмас, балки масофаларни қисқартириш, вақтни тежаш ва йўловчиларга қулайлик яратиш орқали ҳам баҳолаш мумкин. 2017 йилда 2 та, 2022 йилда яна 2 та “Talgo-250” русумли йўловчи электропоезди харид қилиниши натижасида юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар сони 6 тага етказилди. 2024 йилда Жанубий Кореянинг «Hyundai Rotem» компанияси билан 6 та юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездни харид қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича шартнома имзоланди.
2026 йил 5 майдан “Тошкент — Самарқанд — Бухоро — Хива” йўналишида қатнов йўлга қўйилди. Натижада Тошкентдан Хивагача бўлган 1 022 километрлик масофани аввалги 14 соат ўрнига 7,5 соатда босиб ўтиш имконияти яратилди. Бу — нафақат йўловчилар учун қулайлик, балки ички туризмни ривожлантириш ва ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш учун ҳам муҳим имконият. Бугунги кунда темир йўл транспортида йўловчиларни ташиш бўйича 39 та маҳаллий ва 11 та халқаро йўналиш мавжуд. Юқори тезликда ҳаракатланувчи 6 та электропоезд, 6 та тезюрар, 11 та йўловчи, 16 та шаҳар атрофи ҳамда 11 та халқаро йўналиш поездларида кунига ўртача 31 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатилмоқда.
Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида республикада жамоат транспортидан фойдаланиш даражаси 2022 йилдаги 21 фоиздан 2026 йилда 37 фоизга етказилди. Кунлик йўловчи ташиш ҳажми эса 1,2 миллион нафардан 2,6 миллион нафарга ошди. Бу рақамлар жамоат транспортининг аҳоли ҳаётидаги аҳамияти ортиб бораётганини кўрсатади. Энг муҳими, қулай ва ишончли транспорт тизими инсонларнинг вақтини тежаш, шаҳарлар экологик ҳолатини яхшилаш ва кундалик ҳаёт сифатини оширишга хизмат қилади.
Пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари учун қулайлик яратиш мақсадида метрополитен инфратузилмасини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
2017 йилдан буён умумий узунлиги 32 километр бўлган, 21 та метро бекатини ўз ичига олган йўналишлар қурилиб, фойдаланишга топширилди. 2017–2024 йилларда метрополитен линияларининг умумий узунлиги 38 километрдан 70,8 километрга, бекатлар сони эса 29 тадан 50 тага етказилди. 2020 йилдан буён 41 та янги метро поезди харид қилиниб, ҳаракат таркиби сони 81 тага етказилди.
Жумладан, 2023 йилда 3 та, 2024 йилда 14 та, 2025 йилда 9 та метро поезди олиб келинди. Бу ўзгаришлар поездлар оралиғидаги интервални 2–4 дақиқагача қисқартириш имконини яратди. Метрополитенда йўловчи ташиш ҳажми ҳам йилдан-йилга ортиб бормоқда. Демак, метро нафақат пойтахтда ҳаракатланишнинг қулай воситаси, балки шаҳарнинг барқарор ривожланиши, аҳоли вақтини тежаш ва транспорт юкламасини камайтиришнинг муҳим омилига айланмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА