"Уч авлод учрашуви"
Суд тизимидаги ислоҳотлар, қонун устуворлиги ва одил судлов тамойиллари инсон омили билан чамбарчас боғлиқ. Жиззах шаҳрида суд фахрийси Митанбой Равшановнинг 80 йиллиги муносабати билан ўтказилган уч авлод учрашуви ана шу ҳақиқатни яна бир бор намоён этди.
Жамият тараққиёти, аввало, қонунга ҳурмат ва адолатга ишонч мустаҳкамлиги билан белгиланади. Бу ишончни қарор топтиришда суд тизими вакилларининг билим-салоҳияти, ҳалоллиги ҳамда фидойилиги муҳим ўрин тутади. Шу боис, бутун умрини одил судлов хизматига бағишлаган инсонларнинг ҳаёт йўли алоҳида эътирофга муносиб. Жиззах вилоят Маънавият ва маърифат марказида ўтказилган “Уч авлод учрашуви” суд фахрийси Митанбой Равшановнинг таваллуд айёмига бағишланди.
Тадбирда Ўзбекистон Судьялар ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев ҳамда Олий суд раиси ўринбосари Акрам Шукуров иштирок этди. Шунингдек, соҳа фахрийлари, судьялар, суд ходимлари ва Жиззах юридик техникуми ўқувчилари иштирок этди.
Жиззах вилоят суди раиси Ғиёсиддин Ялгашев учрашувни очар экан, юбилярнинг тизим ривожига қўшган ҳиссасига алоҳида тўхталди. Унинг таъкидлашича, бой касбий тажриба ва ҳаётий сабоқлар ёш авлод учун муҳим мактабдир. Шундан сўнг, Митанбой Равшановнинг ҳаёти ва фаолияти акс этган ҳужжатли видеолавҳа намойиш қилинди.
Судьялик шунчаки касб эмас, балки инсон тақдири, жамият ишончи ва қонун устуворлиги билан боғлиқ юксак масъулиятдир. Бу масъулият ҳар бир қарорда холисликни, ҳар бир муносабатда қонунийликни талаб этади. Ана шу мезонларга содиқ қолиш эса катта ҳаётий тажриба ва мустаҳкам эътиқодни тақозо қилади.
[gallery-32300]
Митанбой Равшановнинг кўп йиллик фаолияти ҳақидаги самимий фикрлар айнан шу жиҳатларга қаратилди. Унинг суд-ҳуқуқ тизимидаги хизматлари муносиб баҳоланиб, юбилей муносабати билан “Бенуқсон хизмати учун” кўкрак нишони топширилди. Бу эътироф нафақат фахрийнинг меҳнатларига, балки судьялик касбининг шаъни ва масъулиятига кўрсатилган ҳурмат ифодаси бўлди.
Тадбирда сўз олганлар унинг қонунийликни мустаҳкамлаш, малакали кадрлар тайёрлаш ва шогирдлар тарбиясидаги хизматларини алоҳида қайд этди. Зеро, суд тизимининг салоҳияти фақат бугунги натижалар билан эмас, эртанги авлодга қолдирилаётган тажриба билан ҳам белгиланади. Юбилярга эзгу тилаклар билдирилиб, эсдалик совғалари топширилди.
Уч авлод мулоқотининг энг таъсирчан лаҳзалари ёшлар ва устоз ўртасидаги самимий суҳбатда намоён бўлди. Жиззах юридик техникуми ўқувчилари ҳамда Митанбой Равшановнинг набираси сўзга чиқиб, унинг ҳаёт йўли ёшлар учун ибрат эканини таъкидлади.
Ўз навбатида, юбиляр ёшларга мурожаат қилиб, узоқ йиллик меҳнат фаолияти давомида тўплаган тажрибаси билан ўртоқлашди. Унинг насиҳатлари касбга садоқат, ҳалол меҳнат ва адолатпарварлик каби фазилатларнинг аҳамиятини яна бир бор уқтирди.
Маҳаллий санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар учрашувга ўзгача шукуҳ бағишлади. Тадбир якунида соҳа фахрийлари ва фаол ёшларга ҳам эсдалик совғалари топширилди.
Бугун мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасини такомиллаштириш, одил судловни таъминлаш ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш устувор вазифалардан саналади. Бу йўлда йиллар давомида тўпланган тажриба, устозлар сабоғи ва шогирдлар масъулияти ўзаро уйғунлашиши муҳим.
Митанбой Равшановнинг саксон йиллик умри ана шу қадриятлар билан йўғрилган. Унинг ҳаёт йўли бир ҳақиқатни англатади: инсоннинг энг катта бойлиги эл ишончи, энг муносиб мукофоти эса ўзи тарбиялаган муносиб издошларидир.
Абдужалол Қаюмов, Жамшид Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари