“Саломатлик” газетаси – 30 ёшда
Кармана туманидаги “Шодиёна” тантаналар уйида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими ҳамда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамкорлигида “Саломатлик” газетасининг 30 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси бўлим бошлиғи Акбархон Магдиев, вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Шоҳира Раубаева, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азимжон Ёрқулов сўзга чиқиб, мамлакатимизда матбуот ва ОАВлар соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб, “Саломатлик” газетаси моддий ва маънавий қийинчиликларга қарамасдан ҳамон ўз ўқувчиларига эга эканлигини алоҳида таъкидлади.
Бугунги кунда “Саломатлик” газетаси 3500 нусхада чоп этилмоқда. 2022 йилдан буён таҳририят қошида “Иброҳим Жумаев маҳорат мактаби” фаолият юритиб келмоқда. Мазкур маҳорат мактабининг 2 нафар тингловчиси бевосита “Саломатлик” газетасида фаолият кўрсатмоқда ва бир нафари Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди.
– “Саломатлик” газетасида нафақат тиббиёт олами янгиликлари, балки ижтимоий-сиёсий, маданий, маърифий ҳаёт ҳам кенг ёритилиб борилаётганлиги унинг аудиторияси тобора кенгайиб боришига мустаҳкам замин яратди, – дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси Отабек Аслонов. – Босиб ўтилган 30 йил газета таҳририяти учун енгил кечмади. Ижодий жамоани шакллантириш, матбаа масалалари, обунани ташкил этиш, ходимларни маош билан таъминлаш каби ишларнинг барчаси доимо ташаббускорлик ва машаққатли меҳнатни талаб этади. Шу боисдан бўлса керак, нашр бугун ҳам ўз мухлисларининг кўнглини қувонтириб, ҳар ҳафта хонадонларига кириб бормоқда, тиббий, ижтимоий-сиёсий, бадиий, маънавий-маърифий йўналишлардаги хабар ва мақолалар, очерклар билан хурсанд қилмоқда. Газета бош муҳаррири Иброҳим Жумаевнинг 2025 йилда Президент фармонига кўра, “Соғлом турмуш” медали билан тақдирлангани эса таҳририят жамоаси меҳнатига берилган улкан баҳолардан биридир.
[gallery-32314]
Тадбирда бир гуруҳ ОАВ ходимлари уюшма аъзолигига қабул қилинган бўлса, таҳририят ходимлари, жумладан, тадбирга ташриф буюрган меҳмонларга газета раҳбариятининг эсдалик совғалари топширилди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат),
ЎзА мухбирлари