Депутат томонидан ижтимоий соҳа, тадбиркорлик ва экологик ташаббуслар ўрганилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ботирали Шодиев Навоий вилоятининг Нурота ва Хатирчи туманларида бўлиб, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, аҳолини қийнаётган масалалар, таълим ва тиббиёт муассасаларидаги шароитлар, тадбиркорлик субъектлари фаолияти ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганди.
Ўрганишлар давомида депутат нафақат мавжуд ҳолат билан танишди, балки айрим муаммоларнинг амалий ечими, маҳаллий имкониятлардан самарали фойдаланиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ҳудудларда экологик мувозанатни мустаҳкамлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди.

Депутатнинг Нурота туманидаги ўрганишлари дастлаб Нуробод маҳалласи ҳудудида жойлашган 1-сонли умумий ўрта таълим мактабидан бошланди. Бу ерда таълим муассасасининг 2026-2027 йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлиги, иситиш тизими, моддий-техник имкониятлари ва ўқувчилар учун яратилган шароитлар кўздан кечирилди.
330 ўринли мазкур мактабда бугунги кунда 157 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларга 26 нафар педагог таълим-тарбия бермоқда. Умумий ер майдони 4 гектарни ташкил этадиган таълим муассасасида қиш мавсумини беталафот ўтказиш, синфхоналарда зарур ҳароратни таъминлаш ва ўқув жараёнининг узлуксизлигини сақлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шундан сўнг депутат Нуробод маҳалласида аҳоли вакиллари билан учрашиб, сайёр қабул ўтказди. 2 350 нафар аҳоли истиқомат қилаётган маҳаллада аҳолининг асосий даромад манбалари чорвачилик, деҳқончилик ва каштачилик ҳисобланади.
Учрашувда бандликни таъминлаш, оилаларнинг даромад манбаларини кенгайтириш, ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож фуқаролар билан манзилли ишлаш масалаларига эътибор қаратилди. Маҳаллада 13 нафар фуқаро ишсиз сифатида, 47 нафар эса тегишли ижтимоий рўйхатга киритилган. Бу борада маҳалла масъуллари билан ҳамкорликда мавжуд имкониятлардан фойдаланиш ва фуқаролар муаммоларига индивидуал ёндашиш муҳимлиги таъкидланди.

Нурота саноат ҳудудида Хитой Халқ Республикаси билан ҳамкорликда тошни қайта ишлаш ва гранит маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти йўлга қўйилган.
13,5 гектар майдонни эгаллаган мазкур корхона 2026 йил 1 сентябрдан ўз фаолиятини бошлаган. Бугунги кунда бу ерда 75 та янги иш ўрни яратилган. Корхона фаолияти маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, ҳудуднинг саноат салоҳиятини ошириш ва экспорт имкониятларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Депутат Мустақиллик маҳалласидаги оилавий шифокорлик пунктида бўлиб, муассасанинг иш фаолияти, кадрлар салоҳияти ва аҳолига яратилган шароитларни кўздан кечирди.
Мазкур тиббиёт пункти 6 081 нафар аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Бу ерда 27 нафар ходим, жумладан, 4 нафар шифокор ва 2 нафар лаборатория мутахассиси фаолият юритади. Кунига 40 нафардан 90 нафаргача беморга тиббий хизмат кўрсатилади.

Учрашув чоғида тиббий хизматнинг сифати, аҳолининг бирламчи тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятлари ва мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Нурота туманидаги ўрганишларнинг яна бир муҳим натижаси 29-умумий ўрта таълим мактабида сув таъминоти билан боғлиқ муаммонинг амалий ечим топгани бўлди.
Аввалги ўрганиш давомида мактаб ҳудудида сув таъминотини яхшилаш, кўкаламзорлаштирилган майдонларни сақлаш ва кўчатларни мунтазам суғориш масаласи кўтарилган эди. Депутат ташаббуси билан Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг грант маблағлари ҳисобидан 80 миллион сўм ажратилди ва сув чиқариш ишлари амалга оширилди. Натижада мактаб ҳудудидаги 1 000 туп манзарали ва мевали кўчатни суғориш имконияти яратилди. Бу ташаббус таълим муассасасининг ободонлаштирилган ҳудудини сақлаш, ёш авлодга экологик тарбия бериш ва яшил маконларни кенгайтириш йўлидаги амалий қадам бўлди.
Депутат Нурота туманидаги ўрмон хўжалигига қарашли Сойкечар кўчатчилик бўлимида ҳам бўлиб, кўчат етиштириш ва парваришлаш жараёнларини ўрганди.
150 гектар майдонни эгаллаган хўжаликда суғориш учун 3 та артезиан қудуғи мавжуд. Бу ерда 20 га яқин турдаги манзарали ва мевали дарахт кўчатлари етиштирилмоқда. Уларнинг умумий сони 70 минг тупни ташкил этиб, шундан 50 минг тупи экишга тайёр ҳолатга келтирилган. Бодом, япон сакураси, ўрик, тут, қайрағоч, терак, заранг, шумтол, можжевельник каби дарахт ва бута турларининг етиштирилаётгани ҳудудларни кўкаламзорлаштириш учун муҳим кўчат захирасини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Хатирчи туманида ҳам ўрганиш ишларини олиб борди.

Дастлаб Тамабаҳрин маҳалласидаги “Мақсад” фермер хўжалигига қарашли кўчатчилик хўжалиги фаолияти билан танишилди. 1,5 гектар майдонда чинни гужум, катальпа, ясень ва гужум каби манзарали дарахт кўчатларини етиштириш йўлга қўйилган. Бундай хўжаликлар фаолиятини ривожлантириш, маҳаллий кўчат етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш ва яшил ҳудудлар учун сифатли кўчат захирасини кўпайтириш экологик барқарорликни таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Экологик масалалар билан бир қаторда чиқиндиларни қайта ишлаш орқали иқтисодий қиймат яратиш масаласи ҳам депутат эътиборида бўлди.
Бугунги кунда Мустақиллик маҳалласида жойлашган “Муҳаммад Али қувончи” МЧЖда чиқинди картон ва қоғозларни қайта ишланиб, тухум маҳсулотларини қадоқлаш учун картон лотоклар тайёрланмоқда. Тақдим этилган маълумотларга кўра, корхонада иккита ишлаб чиқариш линиясини ташкил этиш режалаштирилган. Ҳар бир линияда соатига 18 минг донадан маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлади. Лойиҳанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 155 миллион донани ташкил этиши кўзда тутилган. Ушбу лойиҳа тўлиқ қувват билан ишга туширилиши натижасида 160 та янги иш ўрни яратилади.

Депутат Дамариқ маҳалласида жойлашган туман марказий шифохонасининг маслаҳат-диагностика бўлимида бўлиб, тиббий хизмат кўрсатиш жараёнлари, мавжуд шароитлар ва рақамлаштириш борасидаги ишлар билан танишди. Муассасада 46 нафар шифокор ва 96 нафар ҳамшира фаолият юритмоқда. Ўрганиш давомида ДМЕД ахборот тизимининг амалиётга жорий этилиши, ундан фойдаланиш самарадорлиги ҳамда тиббий хизматларни рақамлаштиришнинг аҳамияти юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, тиббиёт муассасасида ҳосил бўладиган чиқиндиларни санитария-эпидемиология талабларига мувофиқ йиғиш, саралаш, вақтинча сақлаш ва зарарсизлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Тамабаҳрин маҳалласида яшовчи Неъмат Дониёров ва унинг турмуш ўртоғи Сайёра Холмуродова томорқачилик ва боғдорчиликда катта тажрибага эга.
20 сотих майдонда ташкил этилган хонадон боғида олма, нок, анжир, анор ва бошқа мевали дарахтлар парваришланмоқда. Оила аъзолари томорқа еридан унумли фойдаланиш орқали нафақат ўз эҳтиёжларини таъминламоқда, балки барқарор даромад манбаига ҳам эга бўлган.
Маълумотларга кўра, оиланинг боғдорчилик фаолиятидан йиллик даромади қарийб 40 миллион сўмни ташкил этади. Бу хонадон тажрибаси томорқа еридан оқилона фойдаланиш, оилавий меҳнатни тўғри ташкил этиш ва мавжуд имкониятларни даромад манбаига айлантириш борасида ибратли мисоллардан биридир.

Тамабаҳрин маҳалласида бўлиб ўтган учрашувда еттилик аъзоларининг ўзаро ҳамкорлиги, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож оилаларни аниқлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ҳудуддаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш борасидаги фаолиятига эътибор қаратилди.
Депутатнинг Хатирчи туманидаги ўрганишлари 22-умумий ўрта таълим мактабида давом этди.
1990 йилда фойдаланишга топширилган, 2019 йилда реконструкция қилинган мазкур таълим муассасаси 836 ўринли бўлиб, айни пайтда унда 633 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Мактабда 66 нафар педагог ҳамда 28 нафар ишчи-ходим фаолият юритади.
Ўрганиш жараёнида мактабнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги, иситиш тизимининг ҳолати, ўқув хоналарида зарур ҳароратни таъминлаш, моддий-техник имкониятлар ва мавжуд инфратузилма кўздан кечирилди. Шу билан бирга, таълим муассасаси ҳудудининг кўкаламзорлаштирилиши, яшил майдонларнинг ҳолати, дарахтларни парваришлаш ва ободонлаштириш ишлари ҳам эътибордан четда қолмади.

Нурота ва Хатирчи туманларида олиб борилган ўрганишлар ҳудудлар ривожида бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлган масалаларни яна бир бор намоён этди. Таълим сифати ва муассасалар тайёргарлиги, бирламчи тиббий хизмат, аҳоли бандлиги, тадбиркорлик, чиқиндиларни қайта ишлаш, кўчатчилик ва яшил ҳудудларни кенгайтириш – буларнинг барчаси инсон манфаатлари ва ҳудудлар фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири