Ўзбекистон Суперлигаси: 18-турдан сўнг «Нефтчи» пешқадам
Ўзбекистон Суперлигасида 18-тур якунланди. Кейинги турда янада қизиқарли учрашувлар кутилмоқда.
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 18-тур учрашувлари ҳам ўз якунига етди. Унда «Сўғдиёна» 2:1 ҳисобида «Қизилқум»ни мағлуб этди. «Бухоро» ўз майдонида «Нефтчи» устидан 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди. ОКМК — «Динамо» учрашувида меҳмонлар 1:0 ҳисобида устун келган бўлса, «Машъал» «Андижон»га 0:1 ҳисобида ютқазди.
Шунингдек, «Бунёдкор» — «Қўқон-1912» баҳсида меҳмонлар 0:1 ҳисобида ғалаба қозонди. «Хоразм» ўз майдонида «Локомотив»га 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди. «Навбаҳор» эса «Насаф»ни 1:0 ҳисобида енгган бўлса, «Пахтакор» ва «Сурхон» учрашувида ғолиб аниқланмади — 0:0.

Шу тариқа, 18-турдан кейин «Нефтчи» 42 очко билан биринчи ўринда қолди. «Пахтакор» 39 очко билан иккинчи, «Навбаҳор» 34 очко билан учинчи ўринни эгаллаб турибди. «Бухоро» 33 очко билан тўртинчи ўринда.
«Локомотив» ва ОКМК 28 очкодан жамғарган ҳолда мос равишда бешинчи ва олтинчи ўринларни эгаллаб турибди. «Насаф» ҳамда «Динамо» 25 очкодан тўплаган. «Андижон» ва «Сўғдиёна»нинг ҳисобида 24 очкодан бор. «Хоразм» ва «Қизилқум» 20 очкодан жамғарган бўлса, «Бунёдкор» ҳамда «Сурхон» 19 очкодан тўплаган. «Қўқон-1912» 18 очко билан 15-ўринда, «Машъал» эса 4 очко билан 16-ўринда бормоқда.
Тўпурарлар пойгасида эса «Сўғдиёна» ҳужумчиси Люпчо Дориев 13 та гол билан пешқадамлик қилмоқда. Уни «Динамо» вакили Анваржон Ҳожимирзаев, «Локомотив» ҳужумчиси Темурхўжа Абдухолиқов ҳамда «Нефтчи» футболчиси Стипе Перица 9 тадан гол билан таъқиб этмоқда. «Пахтакор» вакили Стефен Чинеду ҳамда «Бухоро» ҳужумчиси Шерзод Эсановнинг ҳисобида 8 тадан гол бор.

Ўзбекистон Суперлигасининг 19-тур учрашувлари 23–26 август кунлари бўлиб ўтади. Навбатдаги турнинг илк учрашуви 23 август куни Фарғонада ўтказилади. Унда турнир жадвали пешқадами «Нефтчи» ўз майдонида «Сўғдиёна»ни қабул қилади. Баҳс соат 19:00 да бошланади.
24 август куни «Қўқон-1912» — «Бухоро» учрашуви ўтказилади. 25 август куни Суперлигада учта учрашув бўлиб ўтади. «Сурхон» — ОКМК ва «Андижон» — «Хоразм» жамоалари ўзаро баҳс олиб боради. Куннинг марказий учрашувларидан бири эса Самарқандда «Динамо» ва «Пахтакор» ўртасида бўлиб, мазкур баҳс соат 20:00 да бошланади.
26 август куни 19-турнинг қолган учта учрашуви ўтказилади. Соат 19:00 да «Локомотив» — «Бунёдкор» ҳамда «Машъал» — «Навбаҳор» баҳслари бошланади. Куннинг сўнгги учрашувида эса «Қизилқум» ўз майдонида «Насаф»ни қабул қилади. Ушбу ўйин соат 20:00 га белгиланган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА