Кураш: Ёзги Осиё ўйинлари олдидан ҳакамлар учун машғулот ўтказилди
Халқаро кураш институти томонидан ёзги Осиё ўйинлари олдидан ташкил этилган халқаро ҳакамлик ўқув-йиғинининг амалий машғулотлари Ангрен шаҳридаги “Дукент” спорт базасида ўтказилди.
Кўргазмали мусобақа шаклида ўтган машғулотларда Халқаро кураш ассоциацияси (IKA) Техник директори Рави Капур, IKA спорт қўмитаси аъзоси Жуан Дае Ви, профессор Ким Эур Жонг ва Ўзбекистон кураш федерацияси вакиллари иштирок этди.

Мазкур беллашувлар халқаро ҳакамлар учун ўзига хос амалий майдон вазифасини ўтади. 20 га яқин давлатдан келган кураш ҳакамлари баҳсларни бевосита бошқариб, баҳолаш, қарор қабул қилиш ва баҳсли вазиятларни ҳал этиш бўйича назарий билимларини амалиётда синовдан ўтказди.
Машғулотлар давомида халқаро экспертлар томонидан ҳар бир ҳакамнинг фаолияти таҳлил қилиниб, беллашувларни бошқаришдаги муҳим жиҳатлар юзасидан тегишли тавсиялар берилди.

Куннинг иккинчи ярмида чет эллик кураш мутахассислари Тошкентдаги Халқаро кураш ассоциациясида жойлашган Халқаро кураш музейи фаолияти билан яқиндан танишиб, миллий спортимизнинг кўп асрлик тарихи, халқаро майдонда босиб ўтган тараққиёт йўли ҳамда спорт турининг бугунги ривожланиш босқичлари ҳақида маълумотларга эга бўлди.
Мазкур амалий босқич халқаро ҳакамларнинг касбий маҳоратини янада мустаҳкамлаш, ягона ҳакамлик стандартларини шакллантириш ва нуфузли халқаро мусобақаларга пухта тайёргарлик кўришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Т.Рўзиев,
ЎзА