Мексикада Камилла ва Мария ўзаро тўқнаш келиши мумкин
Мексиканинг Монтеррей шаҳрида 23–29 август кунлари теннис бўйича «Abierto GNP Seguros» турнири бўлиб ўтади. WTA 500 мақомига эга мазкур мусобақа очиқ ҳаводаги хард қопламали кортларда ўтказилади.
Бу йилги турнирда мамлакатимиз шарафини икки теннисчи — Камилла Раҳимова ва Мария Тимофеева ҳимоя қилади. Жумладан, саралаш босқичининг дастлабки учрашувида Камилла Раҳимова франциялик Леолия Жанжан билан куч синашса, Мария Тимофеева таиландлик Ланлана Тарарудига қарши кортга чиқади.
Саралаш баҳсларига ташланган қуръа натижасига кўра, агар икки теннисчимиз ҳам илк босқичдан муваффақиятли ўтса, асосий тўрга йўлланма берувчи финал босқичида ўзаро рақобатлашади.
Маълумот учун, «Monterrey Open» номи билан ҳам танилган мазкур турнирда яккаликлар баҳсида 28 нафар теннисчи иштирок этади. Мусобақанинг умумий мукофот жамғармаси 1 миллион 206 минг 446 АҚШ долларини ташкил этади.
Яккаликлар баҳси ғолиби 500 рейтинг очкоси ҳамда 185 минг 500 доллар мукофот пулини қўлга киритади. Финалчига эса 325 рейтинг очкоси ва 114 минг 500 доллар тақдим этилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА