Ўзбекистон стартап муҳити ўсиш суръати бўйича юқори натижа қайд этди
Яхши хабар
Бугунги кунда дунё давлатлари иқтисодиётни инновацион ривожлантириш, стартап экотизимини қўллаб-қувватлаш ва технологик тадбиркорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу борада Ўзбекистонда стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, ёш инноваторлар учун қулай муҳит яратиш ҳамда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йўналишида самарали ишлар амалга оширилмоқда.
StartupBlink томонидан тақдим этилган “Йил мамлакати” мукофоти 2026 йилда Ўзбекистонга насиб этди. Мазкур мукофот сўнгги бир йил давомида стартап экотизими кенг ривожланган давлатларга берилади.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Глобал Стартап Экотизими индекси (Global Startup Ecosystem Index 2026) да энг тез ўсиш суръатини қайд этиб, қисқа вақт ичида халқаро майдонда тан олинаётган стартап экотизимини шакллантиришга эришди.
Маълумотларга кўра, юртимиз стартап муҳити жорий йил 227,3 фоизга ўсган. Бу кўрсаткич эса жаҳондаги ўртача натижадан 13 баравар юқори экани билан аҳамиятлидир. Ўзбекистон мазкур глобал рейтингда 19 поғонага кўтарилиб, 79-ўринни эгаллади ва илк бор кучли 80 таликдан жой олди. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, 2022 йилда ушбу рейтингда мамлакатимиз 115-ўринда эди.
Тошкент глобал рейтингда 121 поғонага юқорилаб, 229-ўринни эгаллаб, 155,7 фоизлик ўсишни қайд этди. Стартап экотизимидаги ривожланиш фақат пойтахт билан чекланиб қолмади. Бу йил Ўзбекистоннинг яна етти шаҳри глобал рейтингга киритилди. Самарқанд ва Фарғона шаҳарлари эса стартап йўналишида дунёнинг энг яхши 1000 талик шаҳарлари рўйхатидан жой олди. Мутахассислар фикрича, бу ҳолат мамлакатда стартап экотизими ҳудудлар кесимида ҳам кенг ривожланаётганини кўрсатади.
Таъкидланишича, ушбу ўзгаришларда 2019 йилда ташкил этилган IT Парк Ўзбекистон фаолияти муҳим ўрин тутмоқда. Шунингдек, IT Парк Ўзбекистон стартап экотизимининг халқаро майдонда танилишига ҳам хизмат қилмоқда.
М.ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА