Ўзбекистон-Россия: темир йўл хавфсизлиги бўйича ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Темир йўл транспортида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш билан бевосита боғлиқ.
Бу борада Тошкент давлат транспорт университетида талабаларнинг амалий билим ва кўникмаларини ошириш, уларни соҳада қўлланиладиган замонавий техник воситалар билан яқиндан таништиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тошкент давлат транспорт университети мамлакатимизда транспорт ва логистика соҳалари учун юқори малакали мутахассислар тайёрлайдиган етакчи олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Университетда темир йўл, автомобиль, авиация ва транспорт инфратузилмаси йўналишларида замонавий таълим бериш, илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш ҳамда ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Университетнинг “Локомотивлар ва локомотив хўжалиги” кафедраси ўқув лабораторияси янги синов стендлари ҳамда замонавий техник жиҳозлар билан таъминланди. Мазкур жиҳозлар Россиянинг темир йўл транспорти учун ҳаракат хавфсизлиги тизимлари ва замонавий дастурий-техник ечимлар ишлаб чиқишга ихтисослашган “Транстелесофт” компанияси билан университет ўртасида имзоланган стратегик ҳамкорлик меморандуми доирасида етказиб берилди.
Уларнинг лабораторияга жорий этилиши талабаларнинг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштириш, касбий тайёргарлигини ошириш ҳамда келажакдаги меҳнат фаолияти учун зарур кўникмаларни шакллантиришга хизмат қилади.

Янги синов стендлари орқали талабалар локомотивлар ҳаракат хавфсизлигини таъминловчи қурилма ва тизимларнинг ишлаш принципларини бевосита лаборатория шароитида ўрганиш имкониятига эга бўлди. Шу билан бирга, улар хавфсизлик тизимларини диагностика қилиш, техник ҳолатини баҳолаш ва улардан тўғри фойдаланиш бўйича амалий тажриба орттирмоқда.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА