Ўзбекистон - Озарбайжон: Cанъат соҳасида ҳамкорлик
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида Озарбайжон миллий санъат музейи директори, таниқли маданият арбоби Ширин Маликова билан учрашув бўлиб ўтди.
Ташриф давомида меҳмон институт галереясида намойиш этилаётган рангтасвир, ҳайкалтарошлик ва миниатюра санъати намуналарини томоша қилиб, институтнинг ижодий фаолияти билан яқиндан танишди. Шундан сўнг институт ректори Омонулла Салихов ва Озарбайжон миллий санъат музейи директори Ширин Маликова ўртасида расмий учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот давомида томонлар музейшунослик, санъатшунослик, маданий меросни асраш ва тарғиб этиш, илмий-тадқиқот фаолияти ҳамда тасвирий санъат йўналишларида ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Шунингдек, институт томонидан ташкил этилаётган “XXI асрда музей таълими: глобал контекст ва трансформациялар” мавзусидаги халқаро илмий-назарий конференциянинг аҳамияти, келгусида қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, илмий тажриба алмашиш, музейшунослик ва санъатшунослик соҳаларида ҳамкорликдаги тадқиқотларни йўлга қўйиш режалари муҳокама қилинди.

Учрашув якунида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамда Озарбайжон миллий санъат музейи ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Қайд этилганидек, мазкур меморандум икки мамлакатнинг санъат ва музейшунослик соҳалари ўртасидаги илмий-маданий алоқаларни янада ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун янги имкониятлар яратади.
Г.Бобоева,
ЎзА