Раҳмонбек Усмонов: "Йўл йўловчиларники, келажак эса ёшларники бўлиши керак"
Тошкент метрополитени деганда кўз олдимизга, аввало, ер остида ҳаракатланаётган поездлар, бекатлар ва ҳар куни миллионлаб йўловчилар гавжум бўладиган манзиллар келади.
Аммо тизимнинг тараққиётини янги бекатлар, кенгайиб бораётган йўналишлар ёки замонавий поездлар билан баҳолашнинг ўзи кифоя эмас. Пойтахт ер ости транспорт тизимининг барқарор ишлаши ва келгусидаги ривожи ортида, аввало, инсон омили — билимли, тажрибали ва ўз касбига масъулият билан ёндашадиган мутахассислар туради. Айниқса, бугун метро тизимида ўз ўрнини топаётган, замонавий касбларни эгаллаётган ёшлар сафи тобора кенгаймоқда.
Хўш, соҳада ёшларга иш бериш ишлари амалда қандай натижа бермоқда? Бу борада жамоатчиликка тақдим этиш мумкин бўлган аниқ статистик маълумотлар борми?
“Тошкент метрополитени” АЖ бошқарув раиси Раҳмонбек Усмонов суҳбат чоғида қуйидаги маълумотларни тақдим этди.
Метрополитен каби мураккаб муҳандислик ва технологик тизим учун малакали кадрлар масаласи доимо долзарб, дейди Раҳмонбек Усмонов. - Ҳаракатни ташкил этиш, автоматика ва алоқа, энергетика, қурилиш, лойиҳалаш, ахборот технологиялари каби йўналишларда замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассисларга эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан, ходимларнинг таълим даражасидаги ўзгаришлар ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
Соҳада ёшларни иш билан таъминлаш, уларга касб ўргатиш ва тизимда ўз салоҳиятини намоён этиши учун шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Бу ёндашувнинг аҳамияти шундаки, ёш мутахассис учун метро шунчаки иш жойи эмас, балки касбий тажриба ва ўсиш мактабига айланиши мумкин.

Бугунги метро фақат машинист ёки навбатчи ходимлардан иборат эмас. Унда муҳандислик, электр таъминоти, автоматика ва телемеханика, ахборот технологиялари, ҳаракат хавфсизлиги, таъмирлаш, диспетчерлик ва бошқа кўплаб йўналишларда мутахассислар меҳнат қилади. Бу эса турли қобилият ва қизиқишга эга ёшлар учун имкониятлар доирасини кенгайтиради. Кимдир поезд ҳаракати билан боғлиқ касбни танласа, яна кимдир техник қурилмаларни созлаш, рақамли тизимлар билан ишлаш ёки муҳандислик йўналишида ўзини синаб кўриши мумкин.

Энг муҳими, ёш ходим тизимга кириб келиши билан унинг олдида “ишга жойлашиш” дан кейинги янги босқич — тажриба орттириш, малака ошириш ва масъулиятли лавозимларга ўсиш имконияти пайдо бўлади.
Статистикага эътибор қаратадиган бўлсак, ўтган 2021 йилда Тошкент метрополитенида 1 минг 679 нафар ёш ходим фаолият юритган бўлса, 2026 йилга келиб уларнинг сони 2 минг 237 нафарга етган. Эътиборли жиҳати, бугун уларнинг 122 нафари турли раҳбарлик лавозимларида меҳнат қилмоқда. Демак, ёшлар метро тизимига нафақат ижрочи ходим сифатида кириб келмоқда. Улар орасида бошқарув, ташкилотчилик ва юқори масъулиятни талаб қиладиган лавозимларда ўзини намоён этаётганлар ҳам кўпаймоқда.

Бундан ташқари 2021 йилда олий маълумотли ходимлар улуши 11 фоизни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагига келиб эса бу кўрсаткич 29 фоизга етган. Айни пайтда метрополитенда олий маълумотли ходимлар сони қарийб 1 минг 580 нафарни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткичлар тизимда касбий билим ва таълимга бўлган талаб ортиб бораётганини кўрсатади. Ёшларнинг соҳага кириб келиши билан бирга уларнинг билим ва малакасини ошириш, тажриба тўплаши ҳам муҳим вазифага айланмоқда.

Биласизми, ёшлар билан ҳар учрашганимда ҳар бирининг қалбида ўз орзуси борлигини ҳис қиламан, келгусидаги режаларини катта олишига гувоҳ бўламан. Уларнинг аксарияти кеча талаба, бугун раҳбар. Ишонаманки, давлат қўллаб-қувватлаган ёшлар меҳнати ва изланишлари сабабли ҳаёт йўлига эга инсонлар бўлиб камол топади. Йўл йўловчиларники, келажак эса ёшларники бўлиши керак. Давлатимиз раҳбари ҳам юртимиздаги 22 миллиондан зиёд ёшларимиз жуда катта иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий куч эканлигини бежизга таъкидлаб ўтмаган. Барча даражадаги раҳбарлар ёшларни тил ва касб-ҳунарга ўргатиш, спортга жалб этиш, ғоя, лойиҳа ҳамда стартапларига кўмак бериш, уларни ишли ва даромадли қилиш бўйича янада фаол ишлаш, бирорта йигит-қизни эътиборсиз қолдирмаслик зарурлигини қайд этган.

Ёш кадрларнинг касбий ўсиши улар учун яратилаётган муҳит билан ҳам бевосита боғлиқ. Тошкент метрополитенининг “Ёшлар – маънавият ва маърифат” бўлими томонидан ёш ходимларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, интеллектуал ва жисмоний салоҳиятини ошириш мақсадида мунтазам равишда спорт мусобақалари, кўрик-танловлар, интеллектуал беллашувлар ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Шунингдек, ёшларнинг ташаббускорлиги ва фаоллигини қўллаб-қувватлаш мақсадида метрополитен миқёсида “Энг фаол ёш ходим” танлови ҳам ўтказиб келинмоқда.
Ёшларнинг меҳнати давлат миқёсида ҳам эътироф этиб борилади. Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Президент Фармони асосида таъсис этилган “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишонига Тошкент метрополитенининг 11 нафар ёш ходими сазовор бўлди. Бу каби эътирофлар ёшларнинг соҳа ривожидаги иштироки ва ўз касбига масъулият билан ёндашаётганини рағбатлантириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.
Энг муҳими иш ҳақи, рағбат ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш
Ёш мутахассисларни соҳада ушлаб қолиш ва уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантиришда ижтимоий шароит ҳам муҳим омиллардан бири саналади. Хизмат вазифаларини юқори даражада бажариб, ташаббус кўрсатаётган ходимлар ойлик маошдан ташқари мунтазам равишда моддий рағбатлантириб борилади. Бундан ташқари, касаба уюшмаси томонидан ходимларнинг соғлиғини тиклаш ва дам олишини таъминлаш мақсадида соғломлаштириш ҳамда дам олиш йўлланмалари тақдим этилмоқда.
Ёш метрочилар учун уй-жой масаласига ҳам инобатга олинган. Тошкент шаҳрида имтиёзли шартлар асосида “Ёш метрочилар” турар жойи барпо этилмоқда. Айни пайтда лойиҳадаги қурилиш ишлари якуний босқичга етган. Бу лойиҳа ёш мутахассисларнинг нафақат касбий фаолияти, балки ижтимоий барқарорлигини таъминлашга қаратилган чоралардан бири сифатида аҳамиятли.
Рақамлар ортидаги инсон тақдири бор
2237 нафар ёш ходим, 122 нафар ёш раҳбар ёки олий маълумотли ходимлар улушининг 29 фоизга етгани — шунчаки статистик рақамлар эмас. Ҳар қандай йирик транспорт тизимининг эртанги куни бугун тайёрланаётган кадрларга боғлиқ. Чунки технологиялар янгиланади, янги йўналишлар очилади, метро тармоғи кенгаяди. Бундай жараёнда эса замонавий билим ва касбий кўникмага эга ёш мутахассисларга эҳтиёж ортиб боради. Шу нуқтаи назардан, метро тизимида ёшларни иш билан таъминлашга қаратилаётган эътиборни фақат бандлик масаласи сифатида эмас, балки соҳанинг келажак кадрларини шакллантириш жараёни сифатида ҳам баҳолаш мумкин.

Зеро, метро ривожи фақат янги бекатлар ёки янги поездлар билан ўлчанмайди. Унинг энг катта бойлиги — замонавий билимга эга, ўз касбини яхши биладиган ва тизим ривожига ҳисса қўшишга интилаётган кадрлардир. Шу маънода, бугун метро эшигидан иш излаб кириб келаётган ҳар бир ёш учун бу маскан нафақат иш жойи, балки катта касбий йўлнинг бошланиши бўлиши мумкин.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА